Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор ётоқхона қурди
07:20 / 2022-12-17

Самарқанд давлат чет тиллар институтида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида барпо этилган талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига кўра, Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳудудидан 0,30 гектар ер майдони ажратилиб, ташаббускор – “Z-P-A” оилавий корхонаси томонидан беш қаватли, 500 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи бунёд этилди. Бунинг учун тадбиркор ўз ҳисобидан 32 миллиард сўм маблағ сарфлади.  

– Бугунги кунда институтимизда 12 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳомжон Тўхтасинов. – Улардан 5 мингдан ортиғи турли вилоятлардан ва чекка туманлардан келиб ўқийди ва талабалар турар жойига эҳтиёжи бор. Шу пайтгача талабалар институтнинг учта ётоқхонасидан фойдаланиб келаётган эди. Энди имкониятларимиз яна ҳам кенгайди. 

 Ҳукумат қарорида белгиланганидек давлат-хусусий шериклик тартибида қурилган талабалар турар жойининг 20 фоизгача бўлган қисмидан тадбиркор қонунчиликда тақиқланмаган фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин. Мазкур тартибга кўра, янги талабалар турар жойининг биринчи ва иккинчи қаватларида хусусий шерик томонидан ошхона, ўқув марказлар, сартарошхона, кир ювиш хонаси, талабалар эҳтиёжига мос савдо дўконлари ташкил этилган.

Қарорда 2022-2025 йилларда Самарқанд вилоятидаги олий таълим муассасалари учун 8 минг ўринли 20 та талабалар турар жойи қуриш, жумладан, жорий йилда 6 тасини фойдаланишга топишириш кўзда тутилган.

Ғ.ҲАСАНОВ,

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА