Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор хотин-қизлар кўпаймоқда
08:03 / 2024-05-12

Жамиятда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқлари ва моддий манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат қилиб, даромад манбаига эга бўлишига яқиндан кўмаклашиш доимо диққат-эътибор марказида.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, хусусан, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Статистик маълумотларга назар солсак, мамлакатимиз фуқароларининг катта қисми ёшлар ва хотин-қизлардан иборат. Аҳолининг 49,7 фоизи ҳамда меҳнат ресурсларининг 45 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Шу боис, аҳолининг ижтимоий муҳофазаси долзарб аҳамият касб этмоқда. Хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиб, бандлигини таъминлаш ва даромад манбаини яратиш ҳар қачонгидан муҳимдир.  

Бухоро вилоятининг олис тумани Олотда ҳам биргина ўтган йили амалга оширилган инвестиция лойиҳалари туфайли 2 мингдан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса, улар орасида қишлоқ хотин-қизлари ҳам катта қисмни ташкил этмоқда.

Олот тумани аҳолиси сони айни кунда 107 минг кишидан ортиқни ташкил этаётган бўлса, шундан қишлоқ аҳолиси 67 минг кишидан кам эмас. Умумий аҳоли сонидан хотин-қизлар  қарийб 53 минг кишини ташкил қилмоқда.  

Иқтисодий аҳволи, хонадонлар моддий манфаатдорлигига биноан ажратилган тоифага назар солсак, ўтган йил бошидан ҳудуддаги 38 та маҳалланинг 20 таси “сариқ”, 18 таси “яшил” кўрсаткичга ажратилган ва одамлар ижтимоий муҳофазасига доир тизимли чора-тадбир олиб борилмоқда. Зеро, уйма-уй юриб ўрганишлар ва хатловлар натижасида ҳудуддаги Усмоншайх, Ғанчи Чандир, Ўзбекистон, Каттабаёт, Опшоқ, Шайхлар, Давлатбой каби ўнга яқин қишлоқда ишсизлик даражасини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу боис, жойларда ташаббускор тадбиркорлар истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга эътибор кучайтирилган. Бултур олис туманда “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган 3 минг 79 нафар аёл бўлиб, рўйхатда турувчи хотин-қизларга турлича амалий ёрдамлар кўрсатиб келинаётгани ҳам мақсадга мувофиқдир.  

Масалан, Ёш ботир маҳалласида “Nuraziz tekstile”, Шайхлар маҳалласида “Orlot teks fayz”, Жайхунобод маҳалласида “Zebuniso keeds” каби тикувчилик корхоналарининг ҳар бири  15-30 нафар атрофидаги чеварнинг бошини қовуштирган бўлса, ташаббускор тадбиркорлар қишлоқларда бўш турган бино-иншоотларни тасарруфига олиб, янги лойиҳаларни амалга ошириб, яна ўнлаб тикувчи хотин-қизнинг бандлиги, шу орқали моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда.    

Туман марказидаги Маданият ва маърифат маскани биносида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил қилинган кўргазмали амалий семинар айнан шу долзарб мавзуга бағишланди. Унда АТ “Халқ банки” вилоят филиали бошқарувчисининг ўринбосари Наргиза Латипова, туман ҳокими ўринбосари Насиба Жумаева ҳамда бошқалар тижорат банклари томонидан рўёбга чиқарилаётган янги лойиҳалар, қишлоқ жойларда хотин-қизларга хос бўлган тадбиркорлик йўналишларини ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Бу борада касаначиликни ривожлантириш орқали оила даромадини ошириш, уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш орқали иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар сонини қисқартириш, қолаверса, улар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 сентябрдаги “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳудудда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтилди.

Семинарда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш бўйича туманда 200 дан ортиқ тавсиявий бизнес режаси амалга оширилаётгани, албатта, бу чора-тадбирлар натижасида яна ўнлаб хотин-қиз иш билан таъминланаётгани қайд қилинди. Шу куни “Оқ Олтин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Юсуповлар хонадонига ҳам ташриф буюрилиб, хонадондаги мавжуд имконият, томорқа ва уй хўжалигидан фойдаланиш аҳволи ўрганилди.

Томорқа ерини яшнатиб, мавсумга қараб экин-текин ишларини рисоладагидек олиб бораётган оила миришкорлигига юқори баҳо берилди. Ҳозир ҳовли этагидаги томорқасида картошка, помидор, пиёз, сабзи, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулотларини экиб етиштираётган хўжалик аъзолари меҳнати маҳсули баракали бўлишидан умидвор, албатта.

Шунингдек, Юсуповлар хонадонида очиқ ердаги томорқада 4 сотих иссиқхона, паррандачилик ва чорвачиликка ҳам эътибор кучли. Бу ерда парваришланаётган қорамол сони 5 бошга етган бўлса, соғин сигирлар парваришидан оила сут, қатиқ, қаймоқ ва сариёққа ёлчимоқда. Шу билан бирга, 30 бош товуқ парваришидан кунига 20 тадан ошиқ тухум олинаётгани ҳам оила аъзолари эҳтиёжига хизмат қилмоқда.  

АТ “Халқ банки” вилоят филиали томонидан бундай семинарлар вилоятнинг барча туманларида ўтказилмоқда.

--Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Халқ банкида аёл ўринбосарлари штатининг жорий қилиниши, халқимиз учун, айниқса, хотин-қизлар учун тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда янаям кенг имкониятлар яратди, --дейди вилоят Халқ банки аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича бошлиқ ўринбосари Наргиза Латипова. --Бухоро вилоятида охирги бир йил давомида оладиган бўлсак, 22 минг 500 нафар хотин-қизга 497 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг натижасида 33 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан ишни маҳалладан бошладик. Маҳаллада кичик лойиҳалар қилдик. Яъни тез даромад келтирувчи, халқ тилида оддий ва ҳисоб-китоб қилинган лойиҳалар ташкил қилинди. Халқ банки ташаббуси билан бугунги кунда 250 та лойиҳа ташкил қилинди. Биргина иссиқхонанинг ўзидан 20 дан ортиқ кичик лойиҳа ишлаб чиқилди. Биргина Ғиждувон туманини оладиган бўлсак, 75 та махаллада 3 минг 300 нафар хотин-қизга 63 миллиард 100 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. Бунинг натижасида 4 минг 200 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Мисол учун, Ғиждувон тумани “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Руқия опа Эргашевага 2022 йил 33 миллион имтиёзли кредит ажратилиб, у ўз тадбиркорлик фаолиятини тикувчилик йўналишида бошлаган эди. Унга яна 100 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бунинг натижасида тадбиркор бугунги кунга келиб 15 та янги иш ўрни яратди. Давлат раҳбари яратиб берган имкониятлар туфайли бугунги кунга келиб тадбиркор аёлларимизнинг салмоғи бир бараварга ошди. Тадбиркорлик фаолияти ривожланса, янги иш ўринлари яратилади, иқтисодиётимизда ижобий ўзгаришлар бўлади.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири