Маълумки, Президентимизнинг 2022 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унга кўра, рақамли технологиялар орқали тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш учун “business.gov.uz” ягона интерактив портали “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали этиб қайта ташкил этилди.
Портал орқали тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш, ҳал этиш ва ушбу жараёнларни назорат қилиш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тематик онлайн муҳокамалар ва сўровномалар ўтказиш орқали тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни шакллантириш каби вазифалар бажарилади.
Шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорлик субъектларининг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш, тадбиркорлик субъектлари учун зарур бўлган хизматлардан фойдаланиш, шу жумладан, лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, кредит, субсидия, компенсация ҳамда кафилликлар олиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини амалга ошириш имконини берувчи ахборот тизимлари билан уланиш имкони яратилган.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, порталга жами 1 минг 961 та мурожаат келиб тушган. Мазмунига кўра, мурожаатларнинг 20 фоизи банк ва кредит, 18 фоизи ер майдони ёки бино ажратиш, 10 фоизи солиқ, 8 фоизи инфратузилма ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатига оид. Қолган 37 фоизи бошқа масалаларга тегишлидир.
Мурожаатларнинг аксарият қисми Қашқадарё вилояти, Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятига тўғри келади.
Келиб тушган мурожаатлар асосида тадбиркорларга 2,131 миллион сўмдан зиёд кредит ажратилиши, 1,635 миллион сўм пул маблағларини ундириш, 196 миллион сўм миқдорида асоссиз тўланган солиқ суммалари қайтарилишида ёрдам кўрсатилган.
“Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан Бизнес-омбудсман томонидан назорат ўрнатилган.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман томонидан ўрганиш давомида 205 та мурожаатга кўриб чиқиш муддатларига риоя қилинмасдан жавоб хатлар берилгани аниқланди. Ушбу мурожаатларнинг 121 таси тадбиркорлик субъектлари ва 84 таси тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқаролардан келган.
Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 43 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли органларга 15 та тақдимнома киритилди.
Тақдимнома ижроси бўйича 29 та масъулга ҳайфсан, 16 нафар ходимга жарима қўлланилган, 1 нафар мансабдор шахс билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Бизнес-омбудсман маълумотига кўра, ҳар бир тадбиркор ўз фаолиятида муаммо ёки таклифлар бўлса, business.gov.uz сайти ёки 1100 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА