OʻzLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар қаноти” томонидан талаба ёшлар учун “Тадбиркор ва ёшлар” лойиҳаси доирасида навбатдаги амалий маҳорат дарси ташкил этилди.
Тадбир партиянинг ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг ташаббус ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш борасидаги устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилди. Маҳорат дарси ёш тадбиркор, “Grand House”, “Asil Jihaz”, “Vivo Mebel”, “Milano Mebel” ҳамда “Ashil Dasturxon Mebel” каби лойиҳалар асосчиси Даулетбай Гулимбетовнинг ишлаб чиқариш устахонасида бўлиб ўтди.
Тадбиркор ўз фаолиятини кичик устахонадан бошлаб, креатив фикрлаш, бозор талабини чуқур таҳлил қилиш ва замонавий ёндашувлар асосида қисқа вақт ичида бир нечта муваффақиятли бренд лойиҳаларни йўлга қўйди. Бугунги кунда у ўн нафар ёшнинг доимий бандлигини таъминлаб, уларнинг касбий ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Айниқса, унинг фаолиятида миллий анъаналарни замонавий дизайн ечимлари билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бозорда кам учрайдиган, ҳатто, интернет платформаларида ҳам мавжуд бўлмаган дизайн ечимларини яратиш орқали маҳсулотларига юқори талаб шакллантиришга эришган. Онлайн савдо тизими орқали мамлакатимизнинг турли ҳудудларига етказиб бериш йўлга қўйилгани эса рақамли иқтисодиёт имкониятларидан самарали фойдаланилаётганини кўрсатади.
Маҳорат дарси жараёнида Қорақалпоқ давлат университети физика факультети талаба ёшлари ишлаб чиқариш жараёни, дизайн яратиш босқичлари, мижозлар билан ишлаш, онлайн маркетинг ва брендни ривожлантириш йўналишлари бўйича амалий билимларга эга бўлдилар. Ёш тадбиркор креатив ғояни муваффақиятли бизнесга айлантириш, қийинчиликларни енгиб ўтиш ва рақобатбардош бўлиш борасида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
OʻzLiDeP “Ёшлар қаноти” бундан буён ҳам “Тадбиркор ва ёшлар” каби амалий лойиҳалар орқали ёшларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни муваффақиятли тадбиркорлар билан боғлаш ва инновацион ғояларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишни изчил давом эттиради. Зеро, кучли тадбиркор кучли иқтисодиёт, фаол ёшлар эса мамлакат тараққиётининг мустаҳкам таянчидир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.