Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор ва фермерлар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари тушунтирилди
15:29 / 2025-11-24

Шу йил 21 ноябрь куни Бош қомусимизнинг 33 йиллигини кенг ва муносиб нишонлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Президент фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, бу йилги байрам “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилиши белгиланди.

Бугунги кунда Конституциямизнинг 33 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда янги таҳрирдаги Конституцияда инсон қадрини юксалтириш, тадбиркор ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар хусусида атрофлича фикрлар билдирилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳуқуқий кафолатлар, фаолиятни янада эркин ва самарали юритиш имкониятлари батафсил тушунтирилди.

— Бош қомусимизда партия электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерларнинг хусусий мулкка эга бўлиши ва мулк дахлсизлиги таъминланиши белгилаб қўйилган, — деди партия етакчиси Актам Ҳаитов. — Конституциямизда мужассам бўлган ушбу ҳуқуқий асослар фермерлар ва тадбиркорлар фаолияти учун мустаҳкам ҳимоя ва кенг имкониятлар яратмоқда. Шунингдек, Бош қомусимизда белгиланган инсон қадри, эркинлик ва адолат тамойилларини алоҳида эътироф этиш лозим. Буларни ҳаётга татбиқ этиш юрт тараққиёти ва аҳоли фаровонлигида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.  

Тадбирда Конституциямизнинг 33 йиллигини юқори савияда нишонлаш, Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, турли маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил қилиб бориш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА