Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор учун қулайлик маркази
11:01 / 2015-12-24

Самарқанд вилояти адлия бошқармасида “Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини тушунтиришга бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Самарқанд вилояти адлия бошқармасида “Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини тушунтиришга бағишланган ўқув семинари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари ходимлари, манфаатдор ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2016 йил 1 январдан туман ва шаҳарларда тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш бўйича “Ягона дарча” марказлари фаолият бошлайди.

Ўқув семинарда мазкур ҳужжатлар асосида амалга оширилаётган ишлар, янги ташкил этиладиган марказда тадбиркорлар учун яратиладиган қулайлик ва имкониятлар ҳамда улардан фойдаланиш тартиблари ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланишича, шу пайтгача туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида ташкил этилиши режалаштирилган ушбу марказлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилган. Айни пайтда барча ҳудудларда марказлар учун бинолар ажратилиб, тегишли тартибда жиҳозланган ва юқори малакали мутахассислар билан таъминланган. Марказлар иш тартиби тадбиркорлар учун содда ва тушунарли бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– 2016 йилдан бошлаб бир қатор давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилади, – дейди Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Мақсуд Қурбонов. – Бу орқали махсус давлат хизматлари рўйхатида белгиланган хизматларни кўрсатиш ва тегишли аризаларни кўриб чиқишда давлат идораларининг мижозлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишини таъқиқлаш, шунингдек, марказ орқали ариза юборишда ҳудуд ва бошқа сабаблар туфайли юзага келадиган чекловларни бартараф этиш кўзда тутилган. Марказда электрон навбат тизими жорий этилади ва аризалар марказнинг масъул ходими – оператор томонидан кўриб чиқилади. Оператор мижозни қабул қилиб, лозим бўлса, тегишли ҳужжатларни тўлдиришга ёрдам беради ва унинг аризасини рўйхатга олади. Кейинги босқичда ариза автоматик равишда тегишли давлат идораси, муассасасига йўналтирилади. Аризага жавоб ҳам марказнинг ўзига тақдим этилиб, аризачи давлат идорасига тўғридан-тўғри мурожаат этишига ҳожат қолмайди. Аризачи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш имкониятига эга.

Семинар доирасида фаолияти “Ягона дарча” марказлари билан боғлиқ тадбиркорларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.