“Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот порталига ана шундай таъриф бериш мумкин. Ушбу платформа орқали тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалалар, дуч келаётган муаммолари юзасидан мурожаат қилиши ва энг муҳими, мурожаатлари ечими устидан назорат ўрнатилишини кўриши мумкин.
Маълумотларга кўра, ўтган йил самарқандлик тадбиркорлардан мазкур порталга 776 та мурожаат келиб тушган.
– Вилоятимиз тадбиркорларининг мурожаатларида 806 та масала кўтарилган бўлиб, мурожаатларнинг асосий қисми солиқ, инфратузилма, банк-кредит, ер ва кадастр соҳаларига тўғри келади, – дейди Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоят шуъбаси етакчи инспектори Аброржон Ибрагимов. – Мурожаатлар ечими юзасидан тадбиркорларга 2,5 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилишига кўмаклашилди. Қарздорлардан қарийб 2,9 миллиард сўм маблағ ундириб берилди. 1,6 миллиард сўмдан ортиқ солиқ қарзлари ҳисобдан чиқарилди. Шунингдек, ноқонуний ҳисобланган жарималар бекор қилиниб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Порталга йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёни бизнес-омбудсман томонидан доимий назорат қилинади ва қонунбузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири