Тадбиркор ТИФ Миллий банкнинг кредити кўмагида хориждан техника келтирди
Жиззах вилоятидаги қурилишларнинг кўпчилигида “NEW NERUD” масъулияти чекланган жамиятининг ҳиссаси бор.
Жиззах вилоятидаги қурилишларнинг кўпчилигида “NEW NERUD” масъулияти чекланган жамиятининг ҳиссаси бор.
Сабаби ушбу ишлаб чиқариш субъекти қурилиш корхоналарини чақир тош, оҳак тош ва қум каби тўлдирувчи ҳамда қоплама материаллар билан таъминлашга салмоқли улуш қўшиб келмоқда. Корхона ўзининг ишлаб чиқариш қувватини оширишда ТИФ Миллий банк кредитларидан самарали фойдаланаётир.
Қурилишда қум, шағал, тош каби норуда тўлдирувчи материаллар энг кўп қўлланилади. Кўпчиликнинг назарида бу табиий ашёлар энг сероб ва арзон қурилиш материалидек туюлади.
Ҳақиқатан ҳам яқин вақтларгача бу ашёлардан аксарият ҳолларда ишлов берилмасдан фойдаланиб келингани учун кам харажат ҳисобланарди. Масалан, бетон қўйишда, темир бетонда, иншоотлар пойдевори остида тўлдирувчи материал, йўлсозликда қоплама сифатида энг кўп қўлланиладиган шағални дарёнинг исталган жойидан ноқонуний қазиб олиш кенг тус олган эди.
Ноқонуний тарзда қум-шағалларни қазиб олиш эса дарё сувининг йўналишини издан чиқариб, ўзан экологиясининг бузилишига, ботқоқланишга ҳамда қирғоқларнинг емирилишига, тупроқ эрозиясига олиб келади. Президентимизнинг 2018 йил 9 июлдаги “Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан мавжуд муаммоларни бартараф этиш баробарида, дарё ўзанларидаги қум ва шағални қазиб олиш ишларини тартибга солишда муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
Айни пайтда ушбу қарор талаблари асосида қум, шағал, тошни белгиланган конлардан махсус рухсатномага эга ташкилотлар қазиб олиб, қайта ишлашмоқда. Бу ишни атроф муҳитга зарар етказмасдан тошни, шағални майдалаб, қўмни элаб керакли ҳажмдаги қурилиш материалига айлантирадиган қудратли техникалар, замонавий технология билан таъминланган корхоналар амалга оширмоқда.
“NEW NERUD” масъулияти чекланган жамияти Жиззахда қурилиш иншоотларига тўлдирувчи ва қоплама материаллар етказиб беришни дастлаб йўлга қўйган йирик корхоналардан бири. Қурилиш саноатида 2013 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган корхона бу тармоқдаги йирик ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади.
Корхонада тошни, қумни, шағални кондан қазиб оладиган қудратли хорижий экскаваторлар, хомашёни ташийдиган оғир юкли автомашиналар, хомашёни қайта ишлайдиган замонавий ускуналардан фойдаланмоқда. Корхона хориждан ушбу замонавий техника ва технологияларни ТИФ Миллий банк кредити кўмагида харид қилган.
Миллий банкнинг кредитидан фойдаланиб тош ва шағални майдалайдиган ускуналар Эстониядан олиб келинди. Тош конида ишлаётган қудратли экскаваторлар эса Жанубий Кореяники.
Жорий йил бошида корхона чақир тош, оҳак тош ва қум маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш мақсадида банкдан 3 миллиард 700 миллион сўм кредитидан яна фойдаланди. Ушбу кредит ёрдамида Хитойдан 2 дона “ZL50GN” русумли юклагич ва ва 4 дона “Shaaanxi Tonly” моделидаги “TL875B” русумли юк автомашиналари сотиб олди.
– Фаолиятимизни ривожлантиришда ТИФ Миллий банк вилоят бўлими билан ҳамкорлигимиз яхши самара бераётир, – дейди “NEW NERUD” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Суҳроб Қурбонов. – Банкда барча хизматлар яхши йўлга қўйилган. Айниқса кредит хизмати бизга жуда асқотмоқда. Яқинда банк вилоят бўлимининг Жиззах саноат ҳудудида Индустриал филиали ташкил этилиши билан биз мижозларга яна катта қулайлик яратилди.
Янги техникалар ишлаб чиқариш қувватининг яна оширишига, маҳсулотни кўпайтиришга самарали таъсир кўрсатди. Ушбу махсус юк ташишга мўлжалланган автотранспорт воситалари олиб келингандан сўнг корхонада 20 та янги иш ўрни яратилди.
Қурилиш кўлами тобора ортиб бораётган бугунги кунда иншоотлар учун чақир тош, оҳак тош ва қум маҳсулотлари қанчалик зарур бўлса, бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш йўлида меҳнат қилаётган тадбиркорларга банк кредити ҳам шунчалик муҳим.
Бу ривожланиш занжирининг нечоғли самарали эканлигини “NEW NERUD” масъулияти чекланган жамияти ва Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки Жиззах бўлими ўртасидаги ҳамкорлик ҳам кўрсатиб турибди.