Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси туман ва шаҳар бўлимлари ўз вақтида тўланмаган кредит қарздорликларини ундириш учун қарздорларга тегишли мол-мулкларни хатловга олиб, “E-ijro auksion” ягона электрон савдо майдончаси орқали сотишга чиқармоқда.
Денов туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил 9 августдаги ижро варақасига асосан қарздор “Сангардак Тош” масъулияти чекланган жамиятнинг 236 минг 584 доллар миқдоридаги кредит қарздорлигини ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Мажбурий ижро бюроси Сариосиё туман бўлими ходимлари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” ги қонуннинг тегишли моддаларига асосан мажбурий ижро ҳаракатларига киришиб, қарздорга ихтиёрий муддат белгилаб берган. Қарздор тадбиркор ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий муддатда бажармагани учун унга тегишли тош майдалаш ускунаси ва бир дона махсус техника воситаси давлат ижрочиси томонидан хатловга олиниб, тегишли тартибда баҳоланган. 2 миллиард 257 миллион 500 минг сўм бошланғич нарх билан онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.

–Шунингдек, Сарисосиё туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил июнь ойидаги ижро варақасига асосан “Хондамир Миришкор” фермер хўжалигининг 1 миллиард 50 миллион сўм кредит қарзи бўйича гаровга қўйилган 2 та юк автомашинаси хатловга олинди,– дейди МИБ Сариосиё туман бўлими давлат ижрочиси Фурқат Убайдуллаев.– Уларнинг ҳар бири 595 миллион сўм бошланғич нарх билан аукцион савдоларига чиқарилди. Эндиликда бу мулклар сотилгач, қарздорликни қоплашга йўналтирилади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА