Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор қарз тўламади – чунки у асоссиз эди
18:37 / 2025-07-30

Тадбиркорлик фаолиятида турли сабаблар билан асоссиз қарздорликлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатлар тезлик билан аниқланиб, ҳал этилса, тадбиркор учун катта енгиллик яратади. Яқинда шундай масала бўйича 185 миллион сўмдан ортиқ қарз тадбиркор фойдасига ҳисобдан чиқарилди.

Қарши шаҳрида фаолият олиб бораётган “GIDROBIONIKA” МЧЖ “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Энергиясавдо” филиали бўлинмаси фаолиятидан норози бўлиб Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган.

Олиб борилган ўрганишлар давомида тадбиркор доимий равишда коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб боришига қарамасдан, электр таъминоти корхонасининг ходимлари электрон тизимга техник хатолик сабаб киритилган маълумотларга кўра, асоссиз 185 миллион сўмдан ортиқ нореал қарздорлик чиқарилганлик ҳолати аниқланди.

Юқоридагиларга асосан ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан тадбиркорга асоссиз ҳисобланган қарздорлик ҳисобдан чиқарилиши таъминланди. Ушбу қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди. 

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан, қуйидаги ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади:

товарларнинг муомаласи ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда қисқартириш;

шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан, молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш;

товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан, товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш талаблари тақиқланган.

Асоссиз қарздан озод қилинган тадбиркор учун бу иш муҳим ҳуқуқий ёрдам бўлди. Бундай ечимлар бошқаларга ҳам ибрат бўлади.

Нигора Раҳмонова, ЎзА