Сирдарё вилояти Ширин шаҳар сектор раҳбарларининг ҳудудда дорихона фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар билан учрашуви ташкил этилди.
Тадбирда Ширин шаҳар ҳокимлиги, секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда уларнинг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосарлари, шаҳарда дорихона фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар иштирок этди.
Учрашувда, айни пайтда таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган, психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг уюшган жиноий гуруҳлар томонидан Ўзбекистонда контрабанда йўли билан олиб кириш ҳолатлари кўпайиб бораётганлигини ва мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб дорихоналар катта даромад олиш мақсадида уларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланаётганлик ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланди.
Бундай дориларнинг гиёҳвандлик воситаларига нисбатан нархи арзонлиги аҳоли, айниқса, ёшлар орасида уларга нисбатан эҳтиёжни кучайтириб, ўз навбатида, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдосининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан, афсуски шу каби ҳолатлар учраб турибди. Жумладан, республика Ички ишлар вазирлиги текзор хизматлари томонидан жорий йилнинг апрель ойи давомида Тошкент шаҳридаги дорихоналарда кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний реализацияси билан боғлиқ 12 та ҳолат аниқланиб, 21 нафар шахсдан жами 10 минг 227 дона кучли таъсир қилувчи моддалар ашёвий далил сифатида олиниб, айбдорларга нисбатан тегишли жазо белгиланган.
Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, психотроп дори воситаларининг ноқонуний савдоси, аҳоли ўртасида гиёҳванд моддалар мавжуд бўлган дори воситалари тарқалишининг олдини олишдан иборат.
Йиғилганларга сектор раҳбарлари томонидан бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликлар атрофлича тушунтириб ўтилди.
А.Қаюмов,
Ф.Тошматов,
ЎзА