Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор ўз маблағидан мактаб қурди
18:24 / 2023-09-26

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни

Инсон ҳаётда ўз меҳнати, олиб бораётган эзгу ишлари билан қадр топади. Ана шундай инсонлардан бири Абдукарим Саксоновдир.  

Кўп йиллардан буён қурувчилик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорнинг меҳнати Президентимиз раислигида жорий йилнинг 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида эътироф этилди.  

А.Саксонов мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ишларидаги катта хизматлари ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтириш борасида алоҳида ибрат ва намуна бўлаётгани учун давлатимизнинг юксак мукофоти – “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.  

[gallery-13735]

Халқ депутатлари Навбаҳор тумани Кенгаши депутати Абдукарим Саксановни нафақат туманда, балки юртимизнинг барча ҳудудларида ҳам яхши билишади. У нафақат камтарин, очиқ кўнгил инсон, балки саховатпеша йирик тадбиркор ҳам. Айни пайтда у “Саксанов” МЧЖни бошқаради. Компанияда бугун уч минг нафарга яқин фуқаро турли йўналишларда меҳнат қилиб келмоқда.  

1975 йил 7 апрелда Навбаҳор тумани Ортиқ Фармонов номидаги маҳаллада таваллуд топган Абдукарим Саксонов 1996 йилдан хусусий тадбиркор сифатида танила бошлади. Дастлаб ўқув қуроллари савдоси билан шуғулланган тадбиркор 2011 йилда “Саксонов” масъулияти чекланган жамиятига асос солди.  

– Тинимсиз ҳаракат ва олдинга интилиш муваффақиятлар гаровидир, – дейди А.Саксонов. – Бугун юртимизда Президентимиз ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши натижасида тадбиркорларга кенг йўл очиб берилди. Уларнинг эркин фаолият юритиши, иқтисодий бақувват бўлиши учун барча имконият ва шароит яратилган. Бу имкониятдан фойдаланиб, бизнес соҳа вакиллари ҳалоллик йўлини тутиб, ҳам ўз иқтисодиёти, ҳам юрт тараққиётига ҳисса қўшиши керак. Битта иш ўрни яратиш ҳам аслида қаҳрамонликдир.  

Бугун Навоий шаҳрини улкан қурилишлар ва бунёдкорликлар майдонига қиёслаш мумкин. Ўтган давр мобайнида тадбиркор томонидан кўплаб ўзига хос ландшафт ва дизайнда кўп қаватли турар жой бинолари, йирик савдо мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий ўқув йилида минг нафарга яқин ўқувчини ўз бағрига олган таълим муассасаси ҳам ана шундай бунёдкорлик ишларидан биридир.  

– Навоий шаҳридаги ушбу мактаб тадбиркор томонидан 23 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағлари ҳисобидан бунёд этилган бўлиб, 990 ўринли янги мактаб жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилди, – дейди шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Шалола Ҳамидова. – 5 қаватдан иборат таълим муассасаси замонавийлиги ва ўқувчиларнинг таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бинода лифт, ошхона, кутубхона, турли фан лаборатория хоналари, спорт зали, футбол ва баскетбол ўйингоҳи, ўқувчиларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун дам олиш жойлари мавжуд. Мактабга ўқитувчилар алоҳида суҳбат орқали танлаб олинди. Бу ҳам ўқувчиларга бугунги кун талаблари асосида таълим-тарбия беришда муҳим роль ўйнайди.  

Абдукарим Саксонов аҳолига сифатли ва замонавий хизмат кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб, янги лойиҳа ва инновациялар устида тинимсиз изланишлар олиб бормоқда. “Аввало, қилаётган ишингиздан фуқароларимиз рози бўлиши керак, шунда ҳақиқий халқчил тадбиркор бўламиз”, дейди қаҳрамонимиз.

Ҳеч кимга сир эмас, Юртбошимизнинг ташаббуси билан амалиётга жорий қилинган “Беш муҳим ташаббус” ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб шаклланишида муҳим ўрин тутмоқда. Энг муҳими, бу беш йўналиш келажагимиз эгаларини ташаббускорликка чорлаяпти.

Бундан бир неча йиллар олдин Абдукарим Саксонов ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бу ғояни қўллаб-қувватлаб, Навоий шаҳрида илк бор “Ташаббуслар” сайилгоҳини барпо этган эди. Ҳудуддаги спорт майдончалари, кичик амфитеатр, жозибали фавворалар, сўлим дарахтлар, энг муҳими, ўзига хос ландшафт-дизайн нафақат ёшларни, балки шаҳар аҳлининг севимли масканига айланган.

Мамлакатимизда юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида қилинган меҳнат, илгари сурилган ташаббуслар доимо қадрланган, қўллаб-қувватланган ва давлатимиз томонидан алоҳида эътироф этиб келинади. Саховатпеша тадбиркор Абдукарим Саксоновнинг ҳам  меҳнатлари, фидойилиги муносиб баҳоланмоқда. У Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали, жорий йилда эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),

ЎзА мухбирлари.