Юртимизда бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш долзарб вазифа сифатида қаралмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, ташаббусларини рўёбга чиқаришда камарбаста бўлишни ўз олдидаги вазифалар сирасига киритган.

Хусусан, партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги ЎзЛиДеп депутатлик гуруҳи томонидан ташкил этилган навбатдаги қўшма йиғилиш ҳам айни мақсадда ўтказилди. Унда ҳудудий масъуллар, туман-шаҳар партия ташкилотлари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари аъзолари, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган тадбиркорлар, фермерлар, партия фаоллари, бошланғич партия ташкилотлари раислари ва бошқа соҳа вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган мулоқотида билдирилган фикр ва ташаббуслар мазмунидан келиб чиқиб муҳим вазифалар белгилаб олинди. Сўзга чиққан Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Тўлқинжон Файзиев тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, амалга оширилган ислоҳотлар ва янгича ёндашувларга эътибор қаратди.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида ўтган даврда эришилган натижалар таҳлил қилинди. Янги ташаббуслар, солиқ ва молия соҳасидаги енгилликлар, ер ресурсларидан фойдаланиш, рухсатномалар олиш тартибини соддалаштириш каби йўналишлар муҳокама қилинди. Йиғилишда алоҳида эътибор қаратилган масалалардан бири – “Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот” доирасида илгари сурилган вазифа ва ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш масаласи бўлди.

Бу бўйича ташкил этилган Тарғибот гуруҳларининг таркиби шакллантирилиб, улар олдига жойларда фаолият юритувчи тадбиркорлар, фермерлар, кичик бизнес вакиллари билан учрашувлар ташкил қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, кенг жамоатчиликка тушунарли, содда ва аниқ ахборот бериш мақсадида тарғибот тадбирларининг режа-жадвали ҳам тасдиқланди.
А.Мусаев, ЎзА.