Тошкент вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 21 апрелдаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Тошкент туманида кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар самарасида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда.
“Хиёбон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Обид барака бизнес” оилавий корхонаси эркаклар, аёллар ва болалар учун турли дизайндаги чармдан сумка ва чемоданлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Айни пайтда бу ерда 72 нафар одам иш билан таъминланган бўлиб, уларнинг асосий қисми аёллардан таркиб топган. Улар атрофдаги маҳаллалардан келиб меҳнат қилади.

– Корхонамизда бозор талабига қараб 500 хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилади, – дейди корхона иш бошқарувчиси Наргиза Хушвақтова. – Бир кунда 600 та сумка ва чемодан тайёрланади. Дастлаб 5 та тикув машинаси билан иш бошлаган бўлсак, ҳозир 100 га яқин техникамиз бор. Бу ерда иш бир сменада ташкил этилган бўлиб, ишчиларга зарур шароит яратилган.
Корхона масъуллари келгусида фаолиятини кенгайтириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва маҳсулот сифатини янада яхшилаш борасидаги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.
Бугунги кунда туманда 37 та давлат, 11 та нодавлат ҳамда 13 та оилавий давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда
Бунёдкор маҳалласидаги “Angels” нодавлат оилавий боғчасида 60 нафар болалар тарбияланмоқда.

– 2018 йилда хонадонимизда боғча ташкил қилиб, иш ўрни яратдик ва маҳалла болаларини қамраб олдик, – дейди “Angels” боғчаси раҳбари Муҳайё Солиҳова. – Гуруҳларда 10-12 тадан болаларни қабул қилганмиз. Эътиборлиси ҳудуддаги кам таъминланган оилалар фарзандларини ҳам олганмиз. Уларни турли тўгаракларда тил ўрганади ва спорт машғулотларида қатнашади.
Таъкидлаш жоизки, туманда иссиқхоначилик, сабзавот ва гулчилик ҳам ривожланмоқда. Жумладан, “Баҳор гуллари” – боғ маркази 1,5 гектар ер майдонида жойлашган бўлиб, бу ерда 2 минг хилдан ортиқ турли манзарали дарахтлар, гуллар парваришланади. Деярли 20 йилдан буён фаолият юритаётган марказда Голландия, Польша, Белгия каби Европа давлатларидан гул кўчатлари келтирилиб, мамлакатимиз иқлимига мослаштирилмоқда.
– Бу ерда ҳозир 150 нафар ходим фаолият юритади, – дейди марказ мутахассиси Рустам Жумабоев. –100 хилдаги хонаки гуллар етиштириляпти. Чет эл гулларини парваришлашга алоҳида эътибор берамиз. Бунда мутахассисларимиз томонидан мунтазам равишда тизимли иш олиб борилади. Бундан ташқари, ландшафт дизайн билан ҳам шуғулланамиз. Келгусида ўзимиз етиштирган гулларни қўшни давлатларга экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Таъкидлаш жоизки, туманда ёшларни иш билан таъминлаш доимий эътиборда. Ҳудуддаги ғалла-сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан ёшларга 1 гектардан ер ажратилган. Ҳозирга қадар деҳқончилик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган 237 нафар ёшларга жами 114,05 гектар ер ажратилган. Шундан 57,4 гектарига сабзавот, 11,8 гектарига полиз экинлари, 42,85 гектарига картошка ва 2 гектарига дуккакли экинлар экилди. Ёшлар билан фермер хўжаликлари ўртасида иккиламчи ижара шартномаси ҳам тузилди.
Умуман олганда, бу каби истиқболли ташаббуслар жуда кўп. Бу жараёнда тадбиркорлар ва аҳолининг ижтимоий фаоллиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА