Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор инсонларга яхши кайфият улашиб, яхшигина даромадга эга бўляпти
15:13 / 2021-02-19

Иссиқхонада атиргул етиштириш тадбиркорликнинг энг сердаромад турларидан бири ҳисобланади.

Буни яхши англаган ташаббускор тадбиркор Қудрат Тошев 2019 йилда Қарши туманида қарийб 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағи эвазига 3 гектарлик майдонда замонавий иссиқхона барпо қилди.

– Иссиқхонамизга 6 турдаги атиргул навларидан экканмиз, – дейди тадбиркор. 

– У ерда яратилган шароитлар йил давомида гул етиштириш имконини бермоқда. Ҳозирги кунда етиштирган маҳсулотларимизни ички бозорга чиқаряпмиз. Тошкент, Бухоро, Сурхондарё вилоятларидан ҳам харидорларимиз талайгина. Мақсадимиз, ушбу маҳсулотларни хориж мамлакатларига экспорт қилишдир. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни дунёда гул етиштирувчилар учун муҳим вақт ҳисобланади. Айни пайтда биз ҳам шунга тайёргарлик кўряпмиз. Байрам арафасида чиройли ва сифатли атиргулларни етиштириш учун гул парваришига эътиборни кучайтирганмиз. Ушбу лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш орқали бешта доимий иш ўрни яратдик. Бундан ташқари, гулни узиш вақтида кўплаб мавсумий ишчиларни ҳам жалб этамиз.

[gallery-987]

Иссиқхона шароитида гул етиштиришнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Биринчидан, гул етиштириш учун тупроқнинг унумдорлиги яхшиланади. Иқлим доимий назоратда бўлади. Бундан ташқари, ҳар бир турга мансуб кўчатларни етиштириш, уни пайванд қилиш, парваришлаш, шакл бериш, касалликларга қарши дорилаш, ўстириш, энг муҳими, тайёр маҳсулотларни сотиш учун ҳам юқори савия ва малака талаб этилади. Қудрат Тошев эса бу борада яхшигина тажрибага эга.

Гул дилни яйратади, кўзни қувнатади. Унинг нафис ифори хушкайфият бағишлайди. Тадбиркор ҳам ушбу иш орқали иккита мақсадни кўзлаган: чиройли атиргулларни етиштириб, халқимизга етказиб бериш орқали уларга табассум улашиш ва тадбиркорлик қилиб, яхшигина даромад топиш.

 

Ў.Баротов, Ж.Норқобилов(сурат), ЎзА