Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошкармаси Мирзаобод тумани ирригация бўлимида муҳандис гидротехник бўлиб ишловчи Фарҳод Расулҳожиев тиниб-тинчимас, ишбилармон ёш тадбиркорлардан биридир.
Яратувчилик ҳисси билан яшаб, меҳнат қилаётган сувчи муҳандис 2017 йилнинг феврал ойларида "Баҳорнинг илк кунлари" фермер хўжалигини ташкил қилиб мингдан зиёд анор кўчатини ўтқазган эди. Меҳнатлари бесамар кетмай, ўтган йили янги барпо этилган анорзордан 7 тонна ҳосил олди. Миришкор жорий йил 10 тоннадан зиёд ҳосил олишни режалаштирган.
Изланувчан фермер ижтимоий тармоқларда туяқушчилик билан шуғулланиб мўмай даромад олаётган юртдошларимиз фаолияти билан танишиб, ўзи ҳам туяқуш боқишни бошлади. 2019 йилда Агробанкнинг Мирзаобод бўлимидан 8 фоизли имтиёзли кредит олиб, "Оқолтин страус" фирмасидан шартнома асосида 30 дона туяқуш жўжасини сотиб олди. Айни пайтда Фарҳоднинг ўша жўжалари 100 килограмм тош босувчи улкан паррандага айланган.
– Туяқушнинг ҳамма аъзолари қимматбаҳо хомашё эканлигини ҳозирда кўпчилик билади, – дейди Фарҳод Расулҳожиев. – Шунинг учун бу жонзотга одамларнинг қизиқиши ортмоқда. Яқинда бир неча туяқушни 15 миллион сўмдан сотдим, рўзғоримга янада қут-барака кирди. Келгусида уларнинг сонини 100 донадан оширмоқчиман ва барча ҳамкасбларимизга туяқуш боқишни маслаҳат бераман.

Фарҳод Расулҳожиевнинг турмуш тарзи, фермер хўжалигида олиб бораётган ибратли меҳнат фаолиятини, энг асосийси ҳаётдан рози бўлиб яшаётганлигини ўз кўзларимиз билан кўриб ёш ишбилармон каби меҳнатсевар, рўзғорим бут бўлсин, деб яшайдиган ёшлар сафи кенгайишини тилаб ортга қайтдик.
Шуҳрат Суяров,
Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА