Бугунги кунда Жиззах вилоятининг барча шаҳару туманларида тозаликка алоҳида эътибор қаратилиб, кенг миқёсдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Маҳаллалар фуқаролари, корхона, ташкилот, муассасалар ходимлари, ёшлар ихтиёрий равишда ҳашарлар уюштириб, қишлоғу маҳаллалар, кўчаю майдонлар, зиёратгоҳу қабристонларда ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.
Аммо айрим тадбиркорлар борки, ана шундай ободонлаштириш ишларига қўшилиш ўрнига ўз манфаатини устун қўйиб, жамоатчилик меҳнатини менсимай, шаҳар ва маҳаллалари, ўзи фаолият юритаётган иш ҳудудининг тозалигини таъминлашга масъулиятсизлик билан ёндашаётганлиги ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Жиззах шаҳрининг икки марказий кўчасидан бири бўлган Ислом Каримов номли шоҳ кўчада жойлашган айрим дўкондорлар чиқиндиларни белгиланган жойга олиб бориб тўкиш ўрнига, йўл ёқасига, лотогу ариқларга ташлаб кетишмоқда. Бу шаҳар экологиясига зарар етказиши баробарида атроф-муҳит тозалигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай тадбиркорлар кўпнинг меҳнатига беписанд, менсимаслик, тозалик маданиятига риоя қилмасдан қараётганини қандай изоҳлаш мумкин? Давлатимиз раҳбари 2025 йилни “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилгани бежизга эмаску, ахир?
Жиззах шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар бундай ҳуқуқбузарликларга нисбатан зарур чораларни кўрмоқда, албатта. Хусусан, “M.Stylе-bontique” номи остидаги савдо дўкони ходимлари чиқинди ташлаш қоидаларини бузганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди.
[gallery-21779]
Бу ҳам қилинган нотўғри иш учун кўрилган бир чора, лекин каттагина даромад қилаётган тадбиркорга бу чора филни чивин чаққанчалик таъсир қилармикан?
Тозалик, озодалик, поклик бу – маданият. Ҳар хил чиқиндиларни тўғри келган жойга ташлаб кетавериш эса маданиятсизликдир. Қолаверса, “Ободонлаштириш”, “Тоза ҳудуд”, “Экосфера”, “Экоҳаус” каби корхоналар ишчи-ходимларининг меҳнатига нисбатан ҳурматсизлик эмасми бу?
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BlSyTC3ll_A" title="Тозалик 1 навбатда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тадбиркор, аввало, юксак маънавият, маърифат ва маданият соҳиби, у фақат бойлик ортиришни ўйлаймай, жамият тараққиёти, ўз ҳудудининг тозалиги, ободлигига ҳиссасини қўшиши лозим бўлган инсон бўлмоғи шарт.
Агар бундай ҳолатларни бир-икки бор учратсак, танқид қилиш шарт ҳам эмасди. Афсуски, бундай кимсаларни вилоятнинг хоҳлаган ҳудудидан истаганча топиш мумкин.
А.Қаюмов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари