Наманган вилояти Уйчи туманида фаолият олиб бораётган “Халоскор” хусусий корхонаси раҳбари Шуҳрат Бойхонов Уйчи туман ҳокимлигидан компенсация тўловларини ундириш бўйича вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.
Ўрганиш жараёнида аниқланганидек, “Ўзмиллийбанк” Уйчи филиали ҳамда “Адиробод жаннат боғи” фермер хўжалиги ўртасида 2015 йил 30 октябрь куни 336-сонли кредит шартномаси расмийлаштирилиб, фермер хўжалигига 5 йил муддатга 9 фоиз устама тўлаш шарти эвазига чорвачилик фаолияти билан шуғулланиш ва чорва моллари сотиб олиш учун 300 милион сўм кредит маблағлари ажратилган.
Ушбу ажратилган маблағларнинг гаров таъминоти сифатида хусусий корхонага қарашли бўлган, Уйчи туманининг Қўрғонча маҳалласи, Беруний кўчасида жойлашган икки қаватли савдо дўкони бино-иншоотлари тақдим этилиб, 2015 йил 4 ноябрь куни тарафлар ўртасида гаров шартномаси расмийлаштирилган. Белгиланган тартибда кўчмас мулк объектига тақиқ қўйилган, бироқ Уйчи тумани ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарори билан, мазкур бино-иншоотлар бузилган бўлса-да, ўрганиш кунига қадар мулк эгаси бўлган “Халоскор” хусусий корхонасига тегишли компенсация пуллари тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.
Натижада, Наманган вилояти адлия бошқармаси томонидан “Халоскор” хусусий корхонаси манфаатларини кўзлаб Учқўрғон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза киритилди. Суд томонидан тадбиркор Шуҳрат Бойхоновнинг манфаати учун киритилган даъво ариза қаноатлантирилиб, жавобгар Уйчи тумани ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 171 758 388 сўм компенсация ундириш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА