Ангор тумани мактабгача таълим бўлими Термиз шаҳрида фаолият юритиб келаётган тадбиркор билан ўзаро шартнома асосида 260 миллион 647 минг сўмлик мебель маҳсулотларини буюртма қилади. Тадбиркор ўзининг айланма пул маблағидан буюртма маҳсулотларини ўз вақтида ва сифатли таъминлаб берган бўлсада, шартномага мувофиқ тўловлар амалга оширилмайди.
Тадбиркор фаолиятида қийин вазиятга тушиб қолгани боис ушбу масала Термиз туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилиб, қарздор Ангор тумани мактабгача таълим бўлими ҳисобидан 260 миллион 647 минг сўм ҳамда давлат божи учун олдиндан тўланган 2 миллион 606 минг сўм қарз ундириш белгиланди.
Суднинг мазкур ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Ангор туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилди.
Қарздор жамият томонидан ихтиёрий муддат ичида қарздорлик тўлаб берилмагани сабабли туман мактабгача таълим бўлимининг ҳисоб рақамларига банд солиниб, инкассо топшириқномалари юборилди.
Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида белгиланган қарздорлик тўлиқ тадбиркор фойдасига ундириб берилди.
Жамият раҳбари ушбу ундирилган пул маблағлари ходимларининг тўлаб берилмаган иш ҳақлари ва келгусидаги иш фаолиятини янада кенгайтириши учун замин яратишини таъкидлаб, миннатдорлик билдирилди.
Шерали Отабоев,
ЎзА