Мамлакатимизда иқтисодиётни изчил ва барқарор ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда тадбиркорликнинг ўрни беқиёс. Шу боис тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эътиборда.
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш борасида муҳим чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Мисол учун, Сирдарё туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Сирдарё туман “М.Т.Б.” ДМдан ундирувчи “Гўшт-сут савдо инвест” МЧЖ фойдасига 2 млрд. 66 млн. сўм қарздорликларни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича Бюронинг Сирдарё туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Давлат ижрочиси томонидан берилган ихтиёрий муддатда қарздорлик қопланмагани сабабли, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилиб, қарздорга тегишли бўлган мол-мулкларга банд солинган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида қарздор ташкилотдан ундирувчи тадбиркор фойдасига 1 млрд. 541 млн. сўм қарздорлик ундирилиб, тадбиркорнинг банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланди.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
ЎзА