Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон электротехника заводи” масъулияти чекланган жамияти директори Анвар Норбоев тадбиркорлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Албатта, бу муваффақиятга эришиш осон бўлмаган.
Тадбиркор фаолиятини йўлга қўйиб, заводни иқтисоди бақувват корхона даражасига етказгунча озмунча машаққат чекмади. Буни ўзи билади, атрофидаги яқинлари ҳис қилади. Лекин қийинчиликлардан чўчиб, қўл қовуштириб ўтириш ишбилармон кишига хос эмас. Тадбиркор бир ишни бошладими, қатъият ва шижоат билан ишлаши, олдига қўйган мақсади сари дадил ҳаракат қилиши лозим, деб ҳисоблайди у.
Анвар Норбоев айни пайтда ўз тажрибасини тумандаги ёш тадбиркорларга ўргатиб, уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар бермоқда. Шу кунларда жойларда тадбиркор билан ўтказилаётган учрашувлар шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилди, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, – дейди А.Норбоев. – Ишнинг кўзини билган, салоҳиятли тадбиркорларга давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратяпти. Биз ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланиб, бугун корхонамизда йилига 1200 дона импорт ўрнини босувчи трансформатор ишлаб чиқаришга эришдик. 80 киши доимий иш билан таъминланди. Албатта, ишингиз юришиб кетаверса, янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурасиз. Биз ҳам завод фаолияти билан чекланиб қолмай, тикувчилик фабрикаси ҳам ташкил қилишга киришдик. Лойиҳамиз муваффақиятли амалга ошиб, ҳозирда бу ерда бир неча турдаги кийим-кечак ишлаб чиқаряпмиз, 50 нафар опа-сингилларимиз ишли бўлди. Бундан ташқари, туманимиздаги 34 гектар лалми майдонда замонавий усулда узумзор ташкил қилдик. Бугунги кунда эрта ҳосилга кирувчи навнинг 10 гектари мева бера бошлади.
Тадбиркор томонидан ўтган йили Мейлихўжа маҳалласида очилган 288 ўринли “WILLAGE SCHOOL” нодавлат мактабгача таълим ташкилотида маҳалла болалари замонавий шароитда таълим-тарбия олмоқда. Бу ерда 40 киши доимий иш ўрнига эга бўлган.
– Президентимиз менга “Шуҳрат” медалини топширар экан “Анвар, ишларинг яхшими? Энди янгиликларни кўпроқ қилишинг, кўпроқ ўз устингда ишлашинг керак”, деб тилак билдирди, – дейди А.Норбоев. – Бундай ишонч ва эътибор ҳар қандай кишини руҳлантиради. Энди ишимизни янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Хусусан, 2025 йилгача корхона фаолиятини кенгайтириб, 500 кишини иш билан банд қилишни мақсад қилдик.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА