Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да вилоят ҳокими Қобул Турсунов бошчилигида секторлар раҳбарлари тадбиркорлар билан учрашди.
Маълумки, жорий йилнинг 8 апрель куни Президентимиз тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Навоий вилоятидаги 7 мингдан ортиқ тадбиркорнинг муаммолари ечилмаётгани, улар фаолиятига тўсқинликлар бўлаётгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтган эди.
Йиғилиш давомида ҳоким Қобул Турсунов ва вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедовга “ҳайфсан” берилиб, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Одил Ҳасанов, Марказий банк вилоят бошқармаси бошлиғи Исломбек Саидов ва вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Иноят Муҳаммадиев лавозимидан озод этилганди.
150 нафарга яқин тадбиркорлик субъектлари иштирок этган очиқ мулоқотда тадбиркорлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолари ва таклифларини билдирди.
[gallery-2001]
Асосан савол-жавоб руҳида ўтган учрашувда тадбиркорлар фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида кредит маблағлари ва ер ажратиш, электр энергияси ва табиий газ ҳамда ўзларини қийнаётган бошқа масалаларда мурожаатлар қилди.
– Мен Томди тумани, Янги Томди қўрғонида истиқомат қиламан, – дейди Муродбек Нурмуродов.
– “Ёшлар дафтари”га киритилганмиз. Турмуш ўртоғим Алина Алшинбаева билан якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошладик. “Агробанк” Томди туман филиалидан 92 миллион сўм кредит эвазига нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех очдик. Бизда асосан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун ун муаммоси мавжуд. Бугунги учрашувда ушбу муаммони ҳал этиш юзасидан мурожаат қилдим. Мурожаатим ижобий ечим топиб, фонд орқали 5 тонна ун ажратиб бериладиган бўлди.
Бугунги кунда тадбиркорларнинг мурожаатларидан маълум бўлдики, уларни асосан кўпроқ кредит ажратилишидаги муаммолар қийнамоқда.
– Мен Зарафшон шаҳридаги “Шаҳзода” хусусий фирмаси раҳбариман, – дейди тадбиркорлардан бири Феруз Ражабов.
– Бир ойдан ошдики, “Халқ банки” Зарафшон шаҳар филиалидан йирик шохли чорва моллари сотиб олиш учун кредит олишда бир қатор муаммоларга дуч келаяпман. Ҳар сафар борганимда топшираётган ҳужжатларимга қўшимча ҳужжат талаб қилишади. Охирги борганимда ветеринария хизмати хулосасини олиб келинг дейишди. Бугунги мулоқотда ушбу муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Барча ҳужжатларим тайёр. 3 кун ичида 245 миллион сўм кредит ажратиш тўғрисида банк раҳбариятига кўрсатма берилди. 3 кундан кейин топшириқнинг ижросини кўрамиз.
Албатта, тадбиркорлик фаолиятининг қўллаб-қувватланиши, уларни қийнаётган муаммоларнинг ўз вақтида ижобий ҳал этилиши нафақат тадбиркорга даромад олиб келади, балки янгидан-янги иш ўринларининг яратилиши билан бирга давлат бюджетининг шаклланишига ҳам улуш бўлиб қўшилади.
“Тадбиркор билан дўст бўлиб, янгича ишлашга ўтмас эканмиз, натижа ва самара бўлмайди”, деган эди Президентимиз 8 апрелда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида.
Очиқ мулоқотда ҳар бир мурожаат эътиборда эканлиги таъкидланиб, вилоят ҳокими мутасадди ташкилотлар раҳбарларига тадбиркорларнинг мурожаатларини тез ва қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш чораларини кўришлари лозимлиги тўғрисида топшириқлар берди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (фото), ЎзА