English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор Азизага ҳавас қилганлар сафи ортмоқда
13:30 / 2025-07-19

Бухоро шаҳридаги “Шодлик” маҳалласида 4400 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, асосий ривожланиш драйвери хизмат кўрсатишдир.

Берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда тадбиркорликни йўлга қўйган Азиза Қурбонова шу маҳалланинг Қ.Муртазоев кўчасида истиқомат қилади. Ушбу тиним билмас маҳорат эгасининг хоҳиш ва истаклари инобатга олиниб, давлат томонидан махсус “қандолатчилик” йўналишида касб-ҳунарга йўналтирилган. 

Дастлаб у ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошлади. Вақт ўтиши билан у турли хил пишириқлар, тортлар, миллий таомлардан бири бўлган тухумбарак тайёрлашни ҳам йўлга қўйди. Бугунги кунга келиб, у нафақат оиласини доимий даромад билан таъминлаб келмоқда, балки атрофдагиларга ҳам имконият яратмоқда.

Энг эътиборли жиҳати шундаки, тадбиркор ўз фаолияти орқали маҳалладаги 5 нафар аёлларни иш билан таъминлади. Шунингдек, у 8 нафардан ортиқ шогирд тайёрлаб, ёш хотин-қизларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириш билан биргаликда устозлик фазилатини ҳам намоён этмоқда.

Азиза Қурбонованинг эришган ютуқлари маҳалла фаоллари, тегишли ташкилотлар ва жамоатчилик билан олиб борилган ҳамкорликдаги самарали ишларнинг яққол натижасидир. Унинг ташаббускорлиги, фидойилиги ва меҳнатсеварлиги маҳалладаги бошқа аёллар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.