English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор аёллар сафи ортмоқда
17:42 / 2024-09-11

Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида жумладан, Тошкент вилоятида ҳам барча соҳаларда айниқса, хусусий секторнинг улуши ортиб бормоқда. Мисол тариқасида, ҳозир ҳудудда 1 минг 736 та хусусий боғча, 30 та хусусий мактаб, 4 та хусусий олийгоҳ, 815 та тиббиёт муассасаси фаолият юритаётганини келтириш мумкин.

Айниқса, хотин-қизларнинг тадбиркорлик йўналишидаги орзу ва интилишларини қўллаб-қувватлашга, уларга кўмакчи бўлишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли. Хусусан, бу йил банклар томонидан 7 минг 638 нафар хотин-қизга тадбиркорликни ривожлантириш учун 124 миллиард сўмдан зиёд кредит ажратилди. Йил давомида эса вилоятдаги 63 минг 133 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Аҳамиятлиси, мана шу янги иш ўринларининг 80 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. 

Бугунги кунда вилоятда 15 минг нафар тадбиркор хотин-қиз борлиги катта ижобий натижа эканини қайд этиш лозим. Ваҳоланки, 3 йил аввал бу рақам 5 минг нафарни ташкил қилган эди. Шундай тадбиркор аёллар Бекобод туманида кўплаб топилади. Улардан бири Шоҳида Эрматова “Хон қизи” бренди билан замонавий кийим-кечаклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Дастлабки пайтларда корхонада 5 нафар ишчи ишлаган бўлса, ҳозирги кунда улар сони120 нафарга етди. Корхонада ўртача иш ҳақи 2-4 миллион сўмни ташкил этади. Муҳими, бу ерда касб-ҳунар коллежларини тамомлаётган қизларга “устоз-шогирд” анъаналари асосида тикувчилик сирлари ўргатилади. 

– Ёшлигимдан тикувчиликка қизиқардим, – дейди тадбиркор Ш.Эрматова. – Шу соҳада тажрибамни оширганимдан кейин тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Асосан, маҳаллий хомашёдан бозор талабларига мос андозадаги кийимлар тикамиз. Бугунги кунда фаолиятимизни кенгайтириб келгусида янги ҳамкорларни топиб иш фаолиятимизни янада кенгайтириш ниятидамиз. Бунинг учун давлатимиз томонидан бизга катта ёрдам берилмоқда. 

Мазкур туманда яшовчи Санобар Рўзиқулова эса “Лолазор ифори” деҳқон хўжалиги бошлиғи бўлиб фаолият юритади. Санобар Рўзиқулова дастлаб иш фаолиятини Бекобод туманидаги корхонада тикувчи сифатида иш бошлаган. Меҳнатсеварлиги ва ўзига юклатилган ишларни ўз вақтида сифатли бажариши туфайли ҳамкасабалари орасида ҳурмат эътибор топди. 2013 йилдан бошлаб Боғишамол маҳалласидаги “Далварзин” фермерлар уюшмасида гулчилик билан фаолият юритиб келмоқда. Ушбу хўжаликнинг гулчиликдан олинган йиллик даромади 48,0 миллион сўмни ташкил этади. Бу ерда 5 та иш ўрни яратилган. 

Умуман олганда, ҳудудда ўз бизнеси билан жамиятга фойдаси тегаётган аёллар жуда кўп. Айниқса, ишсиз хотин-қизларни ҳунармандчиликка жалб қилиш орқали оилавий тадбиркорлик ривожланмоқда ва ўз навбатида улар учун даромад манбаини яратилишига асос бўлмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.