Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор аёллар қўллаб-қувватланмоқда
19:02 / 2024-06-17

Жиззах шаҳрида тадбиркор хотин-қизлар иштирокида “Аёллар бизнесини қўллаб-қувватлаш” мавзусида ташкил этилган очиқ мулоқот кўпчиликнинг эътиборини тортди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда Жиззах шаҳри ҳокими К.Холмуродов, Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари И.Абдурасулов ва бошқалар  мамлакатимизда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва тадбиркорликни бошламоқчи бўлган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳукуматимиз назоратида экани, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган аёлларимизга катта имтиёзлар берилаётганини  алоҳида таъкидлади.

Очиқ мулоқот давомида мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисидаги маълумотлар етказилди ва истиқболдаги режалар билан ўртоқлашилди. Жумладан, аёл тадбиркорларга давлат харидларида иштирок этишнинг қулайликлари, афзалликлари ва имкониятлари тўғрисида  маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбирда аёл тадбиркорларнинг фаолиятини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар: субсидия ва кредит ажратиш тартиби, ипотека кредитлари ва уй-жой билан таъминлашдаги имтиёзлар, солиқ ва божхона тизимида мавжуд имтиёзлар юзасидан тегишли мутахассислар билан савол-жавоб тарзида қизғин мулоқот ўтказилди.

Тадбир якунида хотин-қизларнинг ўз бизнесини ташкил этиш ва юритиш кўникмаларини шакллантириш, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам бериш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда ва давлат харидларида қатнашишни таъминлаш йўналишларида доимий ҳамкорликда фаолият олиб боришга келишиб олинди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),  

ЎзА мухбирлари