Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор аёл юртни гулга, одамлар ҳаёти нурга тўлиши учун меҳнат қилаётир
11:20 / 2021-05-08

Шарофат Нориевани жиззахлик тадбиркорлар орасида танимайдиган одам кам. Боиси, у ўз тадбиркорлигини юргазиш билан бирга, бошқаларни ҳам соҳага жалб этиш, уларга бу касбни ўргатишда фаоллик кўрсатиб келаётир.

Асли касби – тиббиёт ҳамшираси. Аммо ҳаётда муваффақиятга гул етиштириш орқали эришди. Оддий, аммо миришкор деҳқон оиланинг фарзанди гулларга меҳр қўйиб улғайди. Бундан йигирма йил аввал турмуш қийинчиликлари туфайли ҳовлисида етиштирган гулларни бозорга чиқариб сотиш билан шуғулланарди.  

Илгари Жиззах шаҳрида гул, бугунгидек юзлаб дўконларда эмас, фақат бир жойда –“Кўкбозор”қашисидаги йўл четида сотиларди. Гул олмоқчи бўлган киши, ким бўлмасин, шу ерга борарди.

Ушбу бозорда бўлган бир воқеа Шарофатнинг тақдирини бутунлай ўзгартириб юборди. Бир киши қатор гулларни назардан ўтказиб унинг гулларига тўҳталди. Гул танлаб харид қилгач, бу чиройли гулларни ким, қаерда етиштираётганини сўради. У ҳовлисида, ўзи етиштиришини эшитгач, бу ишни кенгайтириб, катта тадбиркорликка айлантирини маслаҳат берди. Яқин келажакда тадбиркорларга катта имкониятлар яратилишини, бу иш давлат томонидан қўллаб-қуувватланишини айтиб, уни рағбатлантирди.

Харидор вилоятнинг янги ҳокими эканлигини Шарофат сал кейинроқ билди. Бу учрашувдан сўнг у тадбиркорликни қўшимча иш эмас, асосий фаолиятига айлантиришга киришди.  

Бу соҳада ўз билимини оширди, бошқаларнинг тажрибаларини ўрганишдан эринмади. Шу мақсадда ўша йилларда Жиззахда анча танилган гул етиштирувчи тадбиркор Фотима Шодиева билан ҳамкорлик қилди. Биргаликда гул етиштиришга ихтисослашган «Флора гуллари» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этишди.

Кўп ўтмай Шарофат ўзининг «Холмўминов Зоҳид» фермер хўжалигини ташкил этиб, Жиззах шаҳрини кўкаламзорлаштиришга гул, манзали дарахт кўчатлари етказиб бериш бўйича буюртмаларни бажара бошлади. Гулчилик, кўчат етиштириш билан бирга қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ҳам йўлга қўйди.

Сўнги йилларда фермер хўжалигини кўп тармоқлига айлантирди. Хўжаликда деҳқончилик билан бирга чорвачиликни риожлантирди. Австриядан зотдор эчки олиб келди. Эчкиларни оилаларга тарқатиб, сут етиштириш ишларини кўпайтиришни режалаштирган. Кейин оилалардаги сутни сотиб олиб, қайта ишлашни йўлга қўймоқчи.

Зотдор қуён боқиляпти. Иссиқхонадан яхши даромад олинмоқда.  

Фақат қишлоқ хўжалиги эмас, тадбиркорликнинг бошқа тармоқлари ҳам ривожлантирилаётир. Тикув, нон пишириш цехлари ишлаб турибди.

– Тадбиркорлик туфайли, фаровон, бахтли ҳаёт кечиаётирмиз, – дейди Шарофат Нориева. – Бу оиламиздаги барчанинг меҳнати туфайли. Турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши, миришкор деҳон бўлган отамнинг ўгитлари, малаҳатлари, фарзандларимнинг кўмаги билан эришдик. Барча ишларимда улар таянч, суянч бўлиб келмоқда. Давлатимиз томонидан тадбиркорларнинг қўллаб қувватланиши муваффақият келтираётир.  

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман кенгаши депутати, “Ишбилармон аёл” республика кўрик-танлови ғолиби Шарофат Нориева фақат тадбиркор эмас, фаол жамоатчи сифатида фидойилик кўрсатиб келаётир. Айниқса, хотин қизларни қўллаб-қувватлашдаги фаолияти ибратли. У тумандаги “Темир дафтар”да турувчи 54 та хонадонга иссиқхона қуриб, ундан даромад олиш усулларини ўргатди. Натижада бу хонадонлардаги 54 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланди.

Маҳалла аёлларини тадбиркорликка ўргатиб, уларга кредит олишда кўмаклашмоқда. Унинг кўмагида банк имтиёзли кредитини олган ишсиз хотин-қизлардан беш нафари маҳалладаги талабдан келиб чиқиб, нон ва қандолат маҳсулотлари цехини ҳам очди. 

Ўтган йили пандемия шароитида аҳолига ёрдам бериш мақсадида Равот маҳалласида 75 гектар янги ер очиб «Олмачи шунқорлари» ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этиш таъсисчиси бўлди. 149 нафар ёшга 20-25 сотихдан ажратилиб, ёнғоқзор ва бошқа мевали боғ барпо қилинди. Эгатлар орасида мавсумий экинларни экиб даромад қилинмоқда. Кооператив аъзолари деҳқончилик билан бирга чорва моллари, паррандачилик, қуёнчилик билан шуғулланмоқда. Кооперацияда иш намунали йўлга қўйилгани учун уларга Ёйилма қишлоғидан яна 30 гектар ажратиб берилди.

Бу Шарофат Нориева ташаббуси билан қилинаётган ишларнинг ҳаммаси эмас. Ўзбекистон либерал демократик партиясининг “Томорқа-даромад манбаи” лойиҳаси доирасида гул ва дарахт кўчатларини ўтказиш, кўкатлар етиштириш бўйича тажрибасини бошқаларга ўргатишда жонбозлик кўрсатиб келаётир. Шу мақсадда ҳар йили унинг фермер хўжалигида амалий семинар ўтказиляпти. Семинарга қатнашиб, тадбиркорлигини бошлаётган ишсиз аёлларга партия “Аёллар қаноти” билан ҳамкорликда кредитлар олишда кўмаклашиш доимий йўлга қўйилди.  

Оддий ҳамшираликдан катта тадбиркор даражасига етган Шарофат Нориева давлатимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. О’zLiDeP томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик танловининг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллади.  

– Халқимиз фаровонлигини ошириш, ҳар оиланинг иқтисодий тўкинлигини таъминлаш учун имкониятлар яратиб берилаётир, – дейди у. – Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш учун давр билан ҳамнафас, ҳамқадам харакат қилсак ҳаётимиз бундан-да яхши, бундан-да нурли бўлади.  

Аёл ана шундай қувонч билан яшаётир. Катта орзулар билан доимий интилишда. Мактабгача таълим муассасаси, мактаб қуриш ҳаркатида. Фаолиятини оддий гул етиштиришдан бошлаган аёл мамлакатни гулга, одамларнинг ҳаётини нурга буркаш йўлида тинимсиз ҳаракат, меҳнат қилаётир.  

Т.Бекназаров, ЎзА