Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Тадбиркор аёл” ассоциацияси бинодан чиқариляптими?
11:43 / 2021-05-22

Шу кунларда ижтимоий тармоқлар,айрим хусусий сайтларда "Тадбиркор аёл" ассоциацияси кўчада қолмоқда” сарлавҳаси остида чиқишлар бўлмоқда.

Уларда  Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳозир фаолият кўрсатаётган Тошкент шаҳридаги  Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 1- уйнинг 5- қаватидан номаълум муддатга кўчиб кетиши талаб қилинаётгани айтилмоқда.

ЎзА мухбири мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида муаммони ўрганди.

– Ташкилотимиз муносиб шароитда фаолият кўрсатиши учун 2014 йилда ҳукуматимиздан жой сўралган ва шу йили Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан “Тадбиркор аёл” ассоциациясига Фурқат кўчаси, 1-уйнинг 5- қаватидан жой ажратилган, –дейди Ўзбекистон “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова. –Ҳозир бинода реконструкция ишлари бошланган. Бу ишларни бошлашдан аввал “Тадбиркор аёл” ассоциацияси ходимларини бошқа бинога вақтинчалик кўчириб туриш ҳақида ҳеч ким бош қотирмади. Хуллас, бугунги аҳволимиз бизни чуқур ташвишга солмоқда. Гап ташкилотни қаерга жойлаштиришда эмас, балки унга бўлаётган муносабатда.

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусановга мурожаат қилдик.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 9-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўшаб ётган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш вазифаси юклатилган эди, –дейди О. Ҳусанов. –Қайд этилган фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, Фурқат кўчаси, 1- уйда“ННТ уйи” ташкил этиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган.

Жамоат фондининг молиявий кўмагида (давлат ижтимоий буюртмаси доирасида) 2018 йилда Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида 30 нафардан ортиқ ННТлар учун “ННТлар уйи” ташкил этилди.

Бугунги кунда республиканинг Хоразм, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида “ННТ ва дўстлик уйи” ташкил этилиб, мазкур бинога нодавлат нотижорат ташкилотлари ва миллий маданий марказлар жойлаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида “ННТ ва дўстлик уйи” биноларининг реконструкция ишлари якунланган, хоналарни жиҳозлаш, телефон ва интернет тармоғи улаш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари ижара тўловининг “ноль” ставкаси қўлланган ҳолда жойлаштирилмоқда.

Тошкент шаҳридаги реконструкция ишлари бошланган бинонинг тўлиқ реконструкция ишлари учун 29 миллиард сўм маблағ Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетидан ажратилиши белгиланган. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 2021 йил 15 апрелдаги қарори билан 10 млрд. сўм ажратилган ва бинонинг қурилиш- монтаж ишлари бошланган. Қурилиш -монтаж ишларини якунлаш муддати 2021 йил 1 сентябргача белгиланган.

Шайхонтохур тумани, Фурқат кўчаси, 1- уй “ННТ уйи”га айлангач, бу ерга Ўзбекистон ННТ миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “O'zbegim yoshlari” ансамбли, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, “Ногиронлар” ассоциацияси, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси, “Ўзбекистон психологлар ассоциацияси”, “Demokratiya va inson huquqlari instituti”, “Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази” ва шу каби 30 дан ортиқ ННТларни ижара тўловининг “ноль” ставкаси қўлланган ҳолда жойлаштириш белгиланган.

Шунингдек, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциациясига давлат томонидан мунтазам равишда кўмак берилиб бориляпти. Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан 2010-2020 йиллар давомида «Тадбиркор аёл» ассоциацияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари 1 миллиард 737 миллион сўм миқдорида давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси шаклида молиялаштирилган.

Жорий йилнинг 1 сентябригача, яъни Ўзбекистон мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 1- уйда “ННТ уйи” ташкил этилади ва ижара тўловининг “ноль” ставкаси қўлланган ҳолда “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар ассоциацияси ўз жойига қайтади.

Мутасаддиларнинг айтишича, асоссиз гап-сўзлар,шов-шувларга ўрин йўқ. Мамлакатимизда хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган “Тадбиркор аёл” ассоциацияси бинода таъмирлаш ишлари тугагач, қайта аввалги жойига кўчиб ўтади.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА