Тадбиркор аёлларни нималар ўйлантираяпти?
Уларда 4272 иш ўрни яратилди.
–Йил бошидан буён Тошкентда 19 йирик корхона иш бошлади. Уларда 4272 иш ўрни яратилди. Бу иш ўринларидан 1293 таси бўш турибди. Минг афсуски, пойтахт аёлларини ишга жалб этиш масаласи бироз қийин бўлаяпти. Гап фақат маошда эмас. Уларнинг аксариятида хоҳиш йўқ, боқимандалик кайфиятига берилиб қолган. Мана шу масаланинг ечимига жиддий эътибор қаратиш керак.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилбар Нажмутдинова пойтахтимизда “Бошқарув ва бизнесда хотин-қизлар иштирокини ошириш мамлакат сиёсатининг устувор йўналиши” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда шу фикрларни қайд этди.
Тадбир Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмиталари томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Таъкидланганидек, пойтахтда ташаббускор, тадбиркор опа-сингилларимиз ҳам талайгина. Айни пайтда уларнинг сони 5000 дан зиёд. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1130 хотин-қиз тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Улар томонидан 1700 га яқин иш ўрни яратилди. Шундан қарийб 400 таси ҳунармандчилик ва касаначилик йўналишида, 120 таси оилавий боғчаларда ташкил этилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Халқ банки, “Микрокредитбанк” АТБ ўртасида имзоланган битимга кўра, ўз тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган пойтахтлик 64 аёлга шу йил бошидан буён 4 миллиард 729 миллион 665 сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.
Бундан ташқари, ишлаш истагида бўлган хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва шаҳар бандлик бошқармаси ҳамкорлигида алоҳида дастур қабул қилинган. Мазкур дастур асосида ишчи гуруҳлар томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтожлар тоифасига кирадиган аёллар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рақамлар ўз йўлига, амалда тадбиркорлик йўналишида аёллар дуч келаётган муаммоли вазиятлар ҳам борлиги яхши маълум. Мулоқотлар давомида айни жиҳатга алоҳида урғу берилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакат бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган ёки шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлардан Олий Мажлис Сенатига 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Улар асосан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер ажратиш, тижорат банкларидан кредит олиш, моддий ёрдам кўрсатиш, арзон уй-жойлар билан таъминлаш масалаларини қамраб олади.
Шунингдек, ҳозирда тадбиркор аёллар бино-иншоотлар, банк кредитлари ҳамда ер майдонлари ажратилиши, бузилган бинолар бўйича компенсация пуллари олиш билан боғлиқ муаммолардан қийналмоқда.
Тадбирда шу каби тўсиқ ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.