Тадбиркор аёл ташаббуси билан 100 иш ўрни яратилди
Фарғона шаҳрида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуаси иш бошлади
Фарғона шаҳрида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуаси иш бошлади.
Фарғона вилоятида бандликни таъминлаш, одамларнинг даромади, ҳаёт сифатини оширишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманларда замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилаётир.
Вилоят марказида бунёд этилган мазкур мажмуа ҳам ана шундай ишлар самарасидир.
Шаҳноза Ғаниева 14 йилдан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. У "Фарғона Роза-ал" корхонаси ва "Ибратли Бекам" нодавлат таълим муассасаси ташкил этган ва бу ерда ҳар йили юзлаб қизлар турли касб-ҳунарни эгалламоқда. "Йил аёли – 2017" миллий танловида Ш.Ғаниева Гран-при соҳибаси бўлган. Албатта, бундай рағбат уни янги-янги лойиҳалар устида ишлашга ундамоқда. Беш қаватли мазкур мажмуада барча шароитлар яратилган.
– “Ибратли бекам” ўқув марказида кўплаб ёшлар касб-ҳунар ўрганди, – дейди Ш.Ғаниева. – Янги мажмуа қурилиши ана шу шогирдларимиз талаби асосида амалга оширилди, десам муболаға бўлмайди. Чунки ўқув марказида ўз қобилиятини такомиллаштириб касб-ҳунар эгаси бўлган хотин-қизлар бизга иш сўраб кўп мурожаат қилди. Уларнинг талабини қондириш мақсадида 100 та иш ўрнига эга мазкур ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуасини ташкил этдик.
Биринчи қаватда аёллар саломатлик ва гўзаллик маркази жойлашган. Бу ерда саломатлик борасида тўғри овқатланишдан тортиб, валеология бўйича ташкил этилган курсларда аёллар маслаҳат олади, машғулот ўтайди. Сув билан даволовчи спа-салон, гўзаллик ва массаж салонлари хизматлари ҳам йўлга қўйилган. Иккинчи қаватда қизлар учун тикувчилик цехи, ателье, қандолат ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ташкил этилган. 3-4-қаватларда хорижий тилларни ўрганиш курслари очилган. Энг юқори – бешинчи қаватда ресторан хизмати мавжуд.