Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбиркор 10 иш ўрни яратди
16:05 / 2024-05-01

Бухоро вилояти Диёр маҳалласида истиқомат қилаётган миришкор деҳқонлардан бири Низом Ҳусниддинов ташландиқ ётган чоғроқ ерни тасарруфига олиб, унда айнан биогомус тайёрлашга киришди.

Эрта баҳорги ёғингарчиликлар туфайли тупроқ остидаги ҳашарот ва чувалчанглар органик массаларга ўрмалашиб, ер юзасига чиқади. Тадбиркор ўзи тайёрлаган ерда ёмғир чувалчанги учун махсус сув сепиш мосламаларини ўрнатиб, ўғитдаги намликни барқарор сақлаган ҳолда чувалчангларни кўпайтириб, органик ўғит тайёрламоқда.

Заминимизда чувалчангнинг 4 турини учратиш мумкин. Аммо улардан фақат бир неча туригина биогомус учун яроқли ҳисобланади. Чувалчанглар кўп уруғ ҳосил қилади. “Қизил Калифорния чувалчанги” маҳаллий “ёввойи” чувалчангга нисбатан жуда фаол ва серпуштдир. Агар унинг озуқаси етарли бўлса, “уйи”ни тарк этиб кетмайди. Узунлиги 99 миллиметргача, тана диаметри 3-5 миллиметр бўлиб, қулай шароитда ҳар 7 кунда уруғлайди.

–Дастлаб атиги 3 квадрат метр ҳажмда олиб келинган “Калифорния қизил ёмғир чувалчанглари”ни ташландиқ ерни тайёрлаб, 24 квадрат метр жойга биогомус ўғит-маҳсулотини етиштириш учун ёйиб чиқиб, қаровини олиб бордик, –дейди Низом Ҳусниддинов. –Бунинг учун 4,5 миллион сўм сармоя сарфланди. Уч нафар мавсумий ишчи ўрни яратиб, 8 ой мобайнида 62 миллион сўм даромад олишга муваффақ бўлдик. Бугунга келиб биогомус ишлаб чиқариш майдонини 50 сотихга етказганмиз. Жорий йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги деҳқончилиги учун 100 миллион сўм соф фойда олишни мақсад қилганмиз.

Органик биогомус тайёрлашни барқарор изга солаётган тадбиркор Низом Ҳусниддинов эндиликда ўз томорқасида фаолиятни кенгайтириб, 10 нафар доимий ишчи ўрни яратди. Шу мақсадда у ижтимоий тармоқда органик модда тайёрлаш услуби ва тадбиркорлик фаолиятини ёритувчи телеграмм каналини ташкил этди. Мазкур канал орқали ҳозир бошқа маҳалла ва қишлоқлардаги томорқа хўжаликларига ҳам сифатли биогомус маҳсулотини етказиб беришни йўлга қўймоқда.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири