Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбир ўзбек мумтоз адабиётининг даҳоларига бағишланди
16:09 / 2026-02-06

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида Гулистонда маданий тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир Алишер Навоийнинг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 543 йиллиги муносабати билан ташкил этилган бўлиб, иштирокчиларга буюк адиб ва давлат арбобларининг ҳаёти, адабий ва маънавий мероси ҳақида кенг маълумот берилди.

Тадбир давомида Навоий ва Бобурнинг миллий маънавиятимизнинг ривожидаги ўрни, уларнинг асарлари замонлар ўтса ҳам қадрини йўқотмаслиги ва ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

–  Алишер Навоийнинг шеърий ва насрий мероси — “Хамса” (байт ва достонлари), “Лисон ут-Тайр”, “Фавоиди ҳикмат”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва “Навоий қиссалари” каби асарларда ватан ва юрт қадрининг улуғлиги, инсон меҳри ва муҳаббати, маънавий интизом ва ахлоқий қадриятлар алоҳида тарзда намоён бўлади. Бобурнинг “Бобурнома” асари эса нафақат тарихий воқеаларни ёритади, балки шахсият ва оила муҳаббати, юртга садоқат туйғулари, табиат ва ҳаётий воқеаларга нисбатан меҳрни ҳам кенг баён этади,– деди ўз маърузасида Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоир Тўхтамиш Боқиев.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмуродов эса тадбир ҳақида шундай фикр билдирди:

– Навоий ва Бобурнинг мероси фақат адабий ёки тарихий қадрият эмас, балки миллий маънавиятимиз асоси ва ёшлар тарбиясида асосий манба манба ҳисобланади. Уларнинг асарларида ватанпарварлик ва инсонпарварлик туйғулари жуда ёрқин тарзда акс этган. Бундай тадбирлар ёшларни миллий мерос билан яқинлаштириш ва маънавий руҳни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари  Норинисо Қосимова, уюшма аъзолари: Ҳасан Абдувоҳидов, Баҳор Холбекова ва Мажнуна Мирзаевалар сўзга чиқишди. Шунингдек, Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси етакчилари ва Гулистон шаҳридаги 2-сонли мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари шеърлар ўқишди, қўшиқ ва мусиқий ижролар билан тадбирга алоҳида файз улашишди.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган ёшлар ва меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ташаккурномалар билан тақдирланишди.

Ғулом Примов, ЎзА  мухбири