Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбир ҳақиқий байрамга айланди
16:20 / 2025-10-16

Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Ҳуснобод маҳалласида “Халқаро қишлоқ аёллари куни” муносабати билан ўтказилган тадбир ҳақиқий байрам тантанасига айланди.

Туман ҳокимлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан ташкил этилган бу учрашувда маҳалланинг фаол аёллари, фахрийлар, ёшлар ва зиёлилар қатнашдилар. Тадбир давомида қишлоқ аёлларининг меҳнатсеварлиги, жамият тараққиёти ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни ҳақида самимий фикрлар билдирилди.

–   Қишлоқ аёллари — оиланинг суянчи, рўзғорнинг файзидир. Улар бозорларимизнинг тўкинлиги, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлайди. Шунинг учун уларга бўлган ҳар бир эътибор — бутун оилага, бутун юртга шодлик бағишлайди, –   деди туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Маҳбуба Турақулова.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеяси 2007 йил 18 декабрда қабул қилган резолюцияга кўра, 15 октябрь — “Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида нишонланади. Бу сана қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, таълим, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида тенг имкониятлар яратишга даъватдир.

Пахтазорда ўтказилган бу  байрам тадбирлари ҳам ана шу эзгу ғояларга ҳамоҳанг бўлди. Маҳаллий санъаткорлар ижросида қўшиқ ва рақслар янгради, меҳнат фидоийлари — деҳқон аёллар хизматлари эътироф этилди.

–   Бу йилги байрам ўтган йилдагидан ҳам ранг-баранг ва таъсирли бўлди, — дейди маҳалла фаоли Норпошша Фармонова. –   Қишлоқ аёлларига бўлган эътибор — уларнинг фидокорона меҳнатига берилаётган юксак баҳодир.

Маҳалладаги бу байрам фақатгина сана эмас, балки меҳнат, меҳр ва эътироф рамзи сифатида кўпчилик қалбида ўчмас таассурот қолдирди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири