Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тадбир ғоятда қизиқарли ва жўшқин тарзда ўтди
12:01 / 2025-06-25

Сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонликни тарғиб этиш, ёшларда адабиётга муҳаббат уйғотиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Сирдарё вилоятининг маркази — Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида шундай самимий руҳдаги учрашув — ёзувчи ва таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Дилфуза Қаршибоеванинг “Жаннатдаги сирдошим” номли янги китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлимининг раҳбари Норинисо Қосимова очиб, адабиётнинг инсон маънавиятини бойитишдаги ўрни ҳақида сўз юритди. Мактаб директори, сенатор Покиза Ахмеджанова эса бундай илҳомли учрашувлар ёш авлоднинг маънавий дунёқарашини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ўз сўзида адибанинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, Дилфуза Қаршибоеванинг “Кўнмаган кўнгил” номли илк китоби ҳам кенг ўқувчилар муҳаббатига сазовор бўлган.

– Дилфуза Қаршибоева Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Ижодий фаолиятини Сирдарё телевидениеси ва “Сирдарё ҳақиқати” газетасида бошлаган. "Турксой" ташкилоти мукофоти, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони каби нуфузли мукофотлар соҳиби. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси назорат-таҳлил бўлимига раҳбарлик қилмоқда. Ишончим комил, ёзувчининг “Жаннатдаги сирдошим” асари ҳам  ўқувчилар қалбидан жой олади, – деди Минҳожиддин Мирзо.

Таниқли адабиётшунос, профессор Қозоқбой Йўлдош ҳам адибанинг  “Жаннатдаги сирдошим”  китобига тўхталар экан, унинг болалик хотиралари, она меҳри, қадриятлар ва инсон қалбидаги нозик туйғуларни жонли ва таъсирчан ифода этганини алоҳида таъкидлади.

– Бу асар сизни ўтмишга қайтариб, қалбингизни уйғотади. Ҳар бир ҳикоя, эсседа ҳаётнинг ўзи яшайди, – деди у.

Тақдимотда сўз олган шоира Баҳор Холбекова, журналист Алиқул Хонимқулов, ёзувчи Рисолат Ҳайдарова ва бошқалар асарнинг бадиий, маънавий ва тарбиявий қиймати ҳақида тўлқинланиб гапирдилар. Улар китобдаги рус ёзувчилари Юрий Бондарев,  Қирғиз ёзувчиси Султон Раев, Ўзбекистонда ижод қилаётган рус ёзувчиси Николай Ильин каби муаллифлар асарлари  адиба томонидан ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилинганини қайд этдилар.

Энг муҳими, китоб саҳифаларида сабр, муҳаббат ва қалб дарди билан ёзилган сатрлар ўқувчилар қалбидан муносиб жой олмоқда. Ёзувчи китобдаги мактублардан бирида шундай ёзади:

“Онажон, жаннатдаги сирдошим, ишонинг, эндиги мактубларим фақат бахтли онларим, ширин фарзандларим ҳақида бўлади. Руҳингиз шод бўлади, иншооллоҳ.”

Тадбир якунида Минҳожиддин Мирзо томонидан Дилфуза Қаршибоевага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди. Устозлар, яқинлар ва китобхонлар унга самимий тилаклар билдиришди. Тақдимот шеърий мушоира ва дилбар куй-қўшиқлар билан янада тантанали руҳда ўтди.

Тадбир якунида китоб муаллифига сўз берилди. У ўзини ҳурмат билан кутиб олган юртдошлари ва сирдарёлик ижодкорларга  чин кўнгилдан миннатдорлик билдирди. Устози, таниқли ёзувчи Орзиқул Эргашга эҳтиром рамзи сифатида тўн ёпди. Шунингдек, ўзи таълим олган  Гулистон туманидаги 9-сонли умумтаълим мактабига китоблар тўпламини совға қилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири