Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти яхшиланмоқда
16:35 / 2023-05-27

Навоий шаҳридаги “Нуронийлар маскани” да “Аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, тизимда 2023-2024 куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг бориши” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали бошлиғи биринчи ўринбосари Баҳриддин Худоёров газ таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ишлар, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.  

[gallery-12090]

Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоят бўйича 102 минг 548 та аҳоли хонадонлари ва 67 та ижтимоий соҳа объектлари суюлтирилган газ билан таъминланиб келинмоқда. Истеъмолчиларга суюлтирилган газ белгиланган режа-график асосида 30-35 кун оралиғида 31 дона автотранспорт воситаси орқали етказиб бериляпти.  

– Вилоят бўйича жами 100 минг 21 дона маиший газ баллонлари мавжуд бўлиб, 95 минг 512 донаси ижара шартномаси асосида истеъмолчиларга етказиб берилади, – дейди Б.Худоёров. – Аҳоли хонадонларига етказиб бериладиган суюлтирилган газ 4 та газ тўлдириш шахобчаси ва 1 та газ тўлдириш станцияси орқали амалга оширилади. Уларнинг кунлик қабул қилиш қуввати 450 тоннани, кунлик тарқатиш қуввати эса 83 тоннани ташкил этади. Шу кунга қадар вилоят бўйича 5675 тоннадан ортиқроқ суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилди. Маълумки, маиший газ баллонларни сифатли ва соз ҳолатда эканлиги зарурий шартлардан бири бўлиб, улар филиал тасарруфидаги 3 та маиший газ баллонларни синаш ва таъмирлаш цехлари томонидан техник назоратдан ўтказиб келинмоқда.

Матбуот анжуманида газ қувурлари ва газ тақсимлаш пунктларини мукаммал таъмирлаш, уларни реконструкция қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.  

Жумладан, жорий йил куз-қиш мавсумида Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчи туманларида 2 донадан газ тақсимлаш пунктлари мукаммал таъмирланади. Тафтиш ўтказилиши режалаштирилган 1619 дона газ тақсимлаш пунктининг 529 тасида тафтиш ўтказилди. Вилоят бўйича 4 минг 212, 2 километр газ қувурлари мавжуд бўлиб, мавсумга тайёргарлик жараёнида 188,4 километр ер ости газ қувурларининг ҳолати VARIOTEK 480 EX прибор усули билан текширилади. 170,7 километр газ қувурлари эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, бўёқлаш ишлари амалга оширилади. 9,3 километр газ қувурлари реконструкция қилинса, 1 километр газ қувурларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилади.  

Бундан ташқари, 72,6 километр газ қувурларини босим остида зичликка синаш ва ҳаво ёрдамида тозалаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 43,1 километр газ қувурларида ишлар режа асосида бажарилди. Шунингдек, 39,3 километр ер ости газ қувурлари прибор усули билан текширилди, 33,4 километр газ қувурларида эстетик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Вилоятда табиий газ етказиб бериладиган хонадонлар сони 106 минг 126 тани ташкил этади. Шундан 95 минг 555 та хонадон 2 босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилган.

– Ҳудудимизда 231 та юқори босимли, 1733 та ўрта босимли газ тақсимлаш пунктлари мавжуд, – дейди Б. Худоёров. – Уларнинг 1649 таси демонтаж қилинди. Жорий йилда эса 518 та ГТПларни демонтаж қилиш режалаштирилган.  

Матбуот анжумани сўнгида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.  

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА