Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий ва иқлим таҳдидлари шароитида ландшафтларни қандай тиклаш ва сақлаб қолиш мумкин?
11:39 / 2023-06-17

Пойтахтда ташкил этилган “Марказий Осиёда ландшафтларнинг барқарорлигини таъминлаш учун табиатга асосланган ечимлар амалиётини кенгайтириш” мавзусидаги минтақавий мулоқотда ландшафтларнинг ҳолати билан боғлиқ долзарб муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилинди.

Маълумки, иқлим ўзгариши оқибатлари, ерларнинг деградацияси ва бу жараёнлар билан боғлиқ тирикчилик воситалари манбаларининг йўқолиши Марказий Осиё мамлакатларидаги табиат ва одамлар дуч келадиган энг жиддий экологик ва ижтимоий муаммоларни намоён қилади.  

– Биз иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари кучайиб бораётган бир пайтда барқарор ландшафтларни яратиш ва барқарорликни таъминлашга ёрдам берадиган ечимларни топиш учун бирлашишимиз зарур, – дейди  Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. – Минтақанинг ландшафтлари иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти туфайли келиб чиққан экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва табиий офатлар олдида янада заиф бўлиб бормоқда. Бунда инсон фаолияти интенсив қишлоқ хўжалиги, дарахтларни ноқонуний кесиш, яйловлар ва чорвачилик секторини самарасиз бошқаришни ўз ичига олади. Ушбу салбий тенденцияларнинг олдини олиш ва оқибатларини юмшатиш учун минтақавий мулоқотни жадаллаштириш даркор.  

Мулоқотда таъкидланишича, Жаҳон банкининг RESILAND CA+ дастури Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги қишлоқ жамоаларини турли табиий ва иқлим таҳдидлари шароитида ландшафтларни тиклаш, ҳаёт ва тирикчилик воситалари манбаларини сақлаб қолиш, чўлланиш, ерларнинг деградацияси ва иқлим ўзгариши шароитида уларнинг барқарорлигини оширишда қўллаб-қувватлайди.  

Ушбу мақсадларга эришишнинг асосий стратегияларидан бири Марказий Осиё минтақасида табиатга асосланган ечимларни кенг татбиқ этишдир. Ушбу тадбирлар табиий ва инсон томонидан ўзгартирилган экотизимларни ҳимоя қилиш, барқарор бошқариш ва тиклашни ўз ичига олади. Улар ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, биологик хилма-хиллик ва маҳаллий аҳоли фаровонлигига фойда келтирадиган комплекс ёндашувни намоён қилади.  

Табиий офатлар хавфини камайтириш ва турли жойларда иқлим ўзгаришига мослашиш учун махсус ишлаб чиқилган ўрмонларни экиш каби табиатга асосланган ечимлар соғлом ва самарали экотизимлар имкониятларидан фойдаланади. Улар иқлим ўзгариши, табиий офатлар, озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва инсон саломатлиги билан боғлиқ хатарларни юмшатишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси тегишли ҳудудларда барқарор иқтисодий ривожланишга ҳам кўмаклашади.  

– Иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва айниқса қишлоқ жойларидаги камбағал аҳоли орасида тирикчилик воситалари манбаларини ҳимоя қилиш, иқтисодий ўсишнинг экологик моделини жорий этишни талаб қилади, – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. – Жаҳон банки ушбу муҳим мақсадларга эришишда Ўзбекистон ҳукуматига фаол ёрдам бермоқда. Жаҳон банкининг 2022-2026 йиллар учун Мамлакат билан ҳамкорликнинг асос дастури бошқа тадбирлар қаторида, давлат органларига ландшафтларни сақлаб қолишда, жумладан, чўлланиш ва ерлар деградациясининг олдини олиш ҳамда мамлакатнинг турли ҳудудларида ўрмонларни қайта тиклаш бўйича тадбирларни амалга оширишда кўмаклашишни кўзда тутади. Биз Ўзбекистон билан Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ўртасидаги трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам ҳисса қўшмоқдамиз.  

Давлат органлари, молия институтлари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари Марказий Осиёнинг турли қисмларида табиатга асосланган ечимларни жорий этиш учун мавжуд имкониятларни ўрганиш мақсадида минтақавий мулоқот доирасидаги муҳокамаларда иштирок этади.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА