Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент тизими ходимлари табиий ресурс тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатларини фош этмоқда.
Департаментнинг Шофиркон тумани бўлими томонидан электр тармоқлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро У.И. ўз хонадонида таркибида олтин зарралари мавжуд бўлган тошларни майдалашга мўлжалланган яширин цех ташкил этгани аниқланган. У электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 363,6 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Департаментнинг Вобкент тумани бўлими томонидан электр тармоқлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Р.О. ҳам ўз хонадонида таркибида олтин зарралари мавжуд бўлган тошларни майдалашга мўлжалланган яширин цех ташкил этиб, 383,6 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.
Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ГТФ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси масъул шахслари бошқарма маъмурий биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз газ тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 195 минг куб табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Оҳангарон тумани бўлими томонидан электр тармоқлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда «Г.» унитар корхонаси раҳбари Н.Б. қиёслов кўриги муддати ўтган ва назорат тамғалари бўлмаган электр ҳисоблагичдан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, 88,3 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Бекобод шаҳар бўлими томонидан электр тармоқлари ходимлари билан ўтказилган терговга қадар текширувда, “M.Sh.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ж.Х. жамиятга қарашли дала майдонидаги насосларни электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 74,4 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шунингдек, Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “B.L.» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Э. жамиятга қарашли кўп қаватли уйини умумий фойдаланишдаги сув қувурига ҳисоблагичсиз ўзбошимчалик билан улаб, 108,7 минг куб ичимлик сувидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Ушбу қонун бузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига жами 931,8 миллион сўм зарар етказилган.
Департамент матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА