Табиий ресурслар – электр энергияси ва табиий газнинг кундалик турмушдаги аҳамияти беқиёс. Шу боис улардан оқилона фойдаланиш жуда муҳим. Ресурсларни исроф қилмаслик учун ҳам бу борада тартиб-қоидалар ўрнатилган.
Қоидаларга амал қилмайдиган, тармоқларга ўзбошимчалик билан уланиб олганлар, табиийки, улардан хўжасизларча фойдаланади. Шу боис Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент тизими ходимлари бундай ҳолатларга қарши муросасиз курашиб келмоқда. Табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланганларга жиноят ишлари қўзғатилмоқда
“Ж.С.” масъулияти чекланган жамияти туман филиали масъул шахслари масъулияти чекланган жамияти биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб, 137,6 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.
Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шароф Рашидов тумани бўлими томонидан электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланди.
Департаментнинг Жалақудуқ, Шаҳрихон ва Асака туман бўлимлари томонидан электр тармоқлари корхонаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда учта тадбиркорлик субъекти масъул шахслари автомашиналарни ювиш шохобчаси, савдо дўкони ва қурилиш биноларини ҳеч қандай ҳужжатсиз электр тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб, 588,1 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса, “N.S.”, “D.l” масъулияти чекланган жамиятининг масъул шахслари ва бошқалар ишлаб чиқариш цехларини ҳеч қандай ҳужжатсиз газ тармоқларига ўзбошимчалик билан улаб, 4,1 миллион куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
“N.T.” хусусий корхонасига қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси раҳбари У.Р. шохобча электр ҳисоблагичига шикаст етказиб, 339,8 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келганлиги Департаментнинг Шеробод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
Ушбу қонунбузилиш ҳолатлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 4,6 миллиард сўм зарар етказилган.
Департамент матбуот хизматидан хабар беришларича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА