Конституцияда табиат объектлари муҳофаза этилишининг асосий қоидалари ўз аксини топган ҳамда давлатимизда яшаётган барча фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар учун умуммажбурий бўлган конституциявий қоида ўрнатилган.
Конституциявий нормаларнинг табиатни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни амалга оширишдаги ўрни ва аҳамияти беқиёс. Айнан Асосий қонунда давлат ҳокимияти органлари ва жамоат бирлашмаларининг экологик фаолиятини шакллантириш бўйича асосий принциплари мустаҳкамланади, фуқароларнинг экологик бурчлари белгиланади, жамиятнинг экологик барқарор ривожланишининг устувор йўналишлари белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур”лиги мустаҳкамланган.
Ушбу конституциявий қоиданинг аҳамияти шундаки, биринчидан, мустақиллигимизни моддий асосини ташкил этувчи табиий бойликларининг халқимизнинг бойлиги, мулки эканлиги, иккинчидан, табиий ресурслардан фақат оқилона фойдаланиш зарурлиги, учинчидан, республикамиз табиати давлат муҳофазасига олинганлиги, яъни экологик-ҳуқуқий муносабатларни давлат томонидан кафолатланиши каби муҳим тамойилларни мустаҳкамлайди.
Конституциявий норма сифатида хорижий мамлакатларнинг яъни Германия, Болгария, Италия, АҚШ, Япония, Бразилия каби давлатларнинг Конституциялари ёки Конституциявий норматив ҳуқуқий ҳужжатларида атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш, иқтисодий, ижтимоий, мулкчилик ва экология масалалари алоҳида кўрсатиб ўтилган.
1.ГФР, Болгария Конституцияларида, табиатни муҳофаза қилиш ва табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш билан боғлиқ нормалар мустаҳкамланган (ГФР Конституциясининг 15-моддаси, Болгария Конституциясининг 31-моддаси).
2. Табиий ресурсларга нисбатан давлатнинг мутлақ мулк ҳуқуқи белгилаб берилган (Венгрия Конституциясининг 8-моддаси ва Руминия Конституциясининг 18-моддаси).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, конституциямизнинг 55-моддаси қуйидаги хусусиятлари уни ҳар томонлама кенгроқ тушунушга ва таҳлил қилишга ёрдам беради:
а) ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захираларнинг биринчи марта умуммиллий бойлик деб эълон қилиниши;
б) табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлиги;
в) барча табиий ресурслар ва атроф-муҳит муҳофаза қилиниши;
г) табиий захираларнинг давлат томонидан муҳофаза қилиниши зарурлиги шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси табиий ресурсларни муҳофаза этиш лозим деб, ундан умуммиллий бойлик сифатида оқилона ва самарали фойдаланиш кераклиги ҳақида тўхталиб ўтар эканмиз, аввало “умуммиллий бойлик” деган юридик термининг шу ўринда конституцияда нима учун ёзиб қўйилганлигини ва унинг маъно ва мазмуни нимага қаратилганлигини билиб олишимиз лозимдир. “умуммиллий бойлик” юридик категория сифатида биринчи навбатда ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ва бошқа табиий ресурсларнинг кимга тегишлилиги эмас, балки ундан кимнинг манфаати йўлида фойдаланиш лозимлигини билдиради. “Табиий ресурсларнинг ”умуммиллий бойлик” мақомини ҳисобга олганда табиий ресурсларнинг мулкдори сифатида одатдаги хўжалик муомаласи иштирокчиси бўлган давлат эмас, балки сиёсий ҳокимият, суверенитет соҳиби бўлган давлат назарда тутилади деб айтиш мумкин. Миллий бойлик халққа тегишли бўлган бойликдир.” Халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаидир (Конституциянинг 7-моддаси), Давлат халқ эрки-иродасини ифодалайди, унинг манфаатларига хизмат қилади (Конституциянинг 2-моддаси).
Табиий ресурсларни муҳофаза қилишга доир конституциявий нормаларни мазмун-моҳиятига кўра асосий, тўғридан-тўғри ва бевосита қисмларга ажратиб ўтсак бўлади.
Биринчиси, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни умуммиллий бойлик сифатида эътироф этган Конституциямиз асосий кафолат ҳисобланади.
Иккинчиси, юқорида кўрсатилган конституциявий нормага асосан ишлаб чиқилган, яъни тўғридан-тўғри табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган қонунлар. Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги, “Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги қонунлар ва бошқалар.
Учинчиси, бевосита табиий ресурсларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини белгилайдиган қонунлар яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Солиқ кодекси билан боғлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни киритиш мумкин.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш асосан конституция ва қонунларда ўз ифодасини топган тамойиллар орқали амалга оширилади. Конституция ва қонунлар ижросини таъминланиши шарт акс ҳолда қонунбузилиши ҳисобланиб жавобгарлик келиб чиқади.
Ер табиий ресурс сифатида Конституцияда ўз аксини топиши ва унинг ҳуқуқий муҳофазаланиши, ундан оқилона фойдаланиш лозимлигининг кўрсатилиши алоҳида аҳамият касб этади. Ерга оид муносабатлар давлатнинг тартибга солиши керак бўлган энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, Конституциямизда ернинг ҳуқуқий муҳофазаланиши ва унинг эгаси ким эканлигининг кўрсатилиши ерга оид муносабатларнинг асосий ва бош қоидаси ўрнатилганлигини билдиради.
Ерларни муҳофаза қилишда давлат ўз назоратини турли хил шакллар асосида (мониторинг, кадастр) олиб боради. Давлат ернинг муҳофазаланиши ундан оқилона фойдаланилишини назорат қилишда хўжасизларча фойдаланмаслик талабини қуяди ва агротехника қоидаларини доимо қўллаб туриш мажбуриятини ҳар бир фойдаланувчига юклайди.
Қомусимизда ер ости бойликларининг ҳуқуқий мустаҳкамланиши илм-фан тавсиялари асосида янада самарали ва оқилона фойдаланиш, унинг муҳофазасини тўғри таъминлаш республикамиз иқтисодиётини янада барқарорлаштиришнинг асосий омилларидан бири эканлигини кўрсатади.
Ўзбекистон Конституцияси ва унга мувофиқ қабул қилинган “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги, “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Концессия тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий вазифалари минерал хом ашёга бўлган талабларни ҳамда бошқа эҳтиёжларни қондириш учун ер қаъридан оқилона, комплекс фойдаланилишини, ер қаъри, атроф муҳит муҳофаза қилинишини, ер қаъридан фойдаланилаётганда ишларнинг бехатар олиб борилишини таъминлашдан, шунингдек ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилишдан, шахс, жамият ва давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Сувнинг табиий ресурс сифатида Конституциямизда мустаҳкамланиши бошқа сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ишлаб чиқилишига асос бўлди. Ҳозирги қадар сув ва сувдан фойдаланишга доир муносабатларни тартибга солишга қаратилган 70 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Сув ресурсларини муҳофаза қилишда Ўзбекистон Республикаси Конституцясининг талабларини ўзида акс эттирган Ўзбекистон Республикасинг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ва унга мувофиқ қабул қилинган қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари муҳим ўрин тутади.
Бу борадаги қонунчилик ҳужжатларининг асосий вазифалари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларининг ҳолатини яхшилашдан, шунингдек сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
Давлатнинг ягона сув захираларига жилғалар, сойлар, дарёлар, сув омборлари, кўллар, денгизлардан, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари, булоқлар, ҳовузларнинг сувлари ва бошқа ер усти сувларидан; ер ости сувлари, қор захиралари ва музликлар ташкил этади.
Ўсимлик дунёси табиат объектлари ичида энг бебаҳо бойликларидан бири бўлиб, у табиий атроф-муҳитни соғломлаштириш, инсон яшаш шароитини яxшилаш, ер ва сув бойликларини муҳофаза қилиш, уларни сақлаш, атмосфера ҳавосини тозалашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасида ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишни тартибга солувчи, ўсимлик дунёси объектларини ҳуқуқий ҳолатини ўрнатувчи Конституциявий меъёр, конституциямизнинг 55-моддасида ўз аксини топган. Бу конституциявий норма асосида қатор қонунлар қабул қилинди. Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Юқорида кўрсатилган ўсимлик дунёсига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий вазифалари флоранинг тур бўйича таркибини ва генетик фондини табиий шароитларда сақлаб қолиш; табиий ўсимлик жамоаларининг ва ёввойи ўсимликлар ўсадиган муҳитнинг бир бутунлигини сақлаб қолиш; ўсимлик дунёсидан оқилона фойдаланишни ва уни такрор етиштиришни таъминлаш; юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишдан иборат.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонунчиликка амал қилинишини таъминлаш давлатнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб, бу борада фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
Олим Нарзуллаев,
ТДЮУ “Экология ҳуқуқи” кафедраси доценти