Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий ўғитлар мўл ҳосил гаровидир
18:25 / 2026-01-28

Мамлакатимизда экологик ҳолатни яхшилаш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалигида барқарор амалиётларни кенг жорий этиш мақсадида ҳудудларда амалий чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Сўнгги йилларда суғориладиган майдонларнинг шўрланиш даражаси ошиб бормоқда. Ушбу салбий ҳолатларни бартараф этишнинг ягона йўли маҳаллий ўғит қўллашдир. Табиий (маҳаллий) ўғитлар — тупроқ унумдорлигини ошириш ва мўл ҳосил олишнинг асосий гарови бўлиб, улар таркибида ўсимликлар учун зарур бўлган барча озуқа моддалари мавжуд. Шу жумладан, гўнг, компост, биогумус ва кўк ўғитлар тупроқ таркибини яхшилайди, сув ва ҳаво ўтказувчанлигини оширади ҳамда микроорганизмларни фаоллаштиради. Улардан тўғри фойдаланиш ҳосилдорликни ошириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ҳудудий ҳокимликлар ҳамкорлигида Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида суғориладиган ер майдонларида шох-шабба, ўсимлик барглари ва бошқа органик қолдиқлардан фойдаланган ҳолда табиий ўғитлар тайёрлаш бўйича ўқув-амалий семинарлар йўлга қўйилди. Ушбу ўғитларнинг тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширишдаги аҳамияти юзасидан ўқув-амалий семинар ўтказиш бўйича республика ишчи гуруҳи ташкил этилди.

[gallery-27349]

Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани “Найманкўл” овул фуқаролар йиғинида шу мавзуда семинар бўлиб ўтди. Унда соҳа олимлари ва тажрибали мутахассислар томонидан шох-шаббалар, ўсимликларнинг барглари, танаси ҳамда турли қишлоқ хўжалиги чиқиндиларини ёқмасдан, махсус ўраларда тўплаш ва қайта ишлаш орқали табиий ўғитлар тайёрлаш жараёнлари амалда намойиш этилди. Шунингдек, табиий ўғитларнинг ер унумдорлиги ва ҳосилдорликка таъсири юзасидан илмий-амалий тавсиялар берилди.

– Мазкур усул атроф-муҳитга зарар етказмасдан, тупроқ унумдорлигини ошириш, органик моддаларга бой ўғитлар олиш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.  

Шунингдек, ушбу технология орқали ҳавога зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинади ва қишлоқ хўжалигида “яшил технологиялар”ни кенг жорий этиш имконини беради. Табиий ўғитларни фойдаланиш орқали фақат пахтачиликнинг ўзидан ҳосилдорликни 5-10 центнерга ошириш мумкин. Шу нуқтаи назардан ушбу семинарлар қишлоқ хўжалигида экологик ёндашувларни кенгайтириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли, –  деди Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Бахтиёр Атоев.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 3 февралигача белгиланган жадвал асосида Оролбўйининг барча ҳудудларида табиий ўғитлар тайёрлаш бўйича ўқув-амалий семинарлар ўтказилиши белгиланган.  

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА