Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва конларни рақамлаштириш – бугунги ислоҳотлар талаби
15:18 / 2023-11-03

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан нефть ва газ соҳасини ёритувчи журналистлар учун ўқув-семинари ўтказилди.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Моделлаштириш маркази бошлиғи Анвар Муротов ушбу тадбирдан кўзланган мақсад ва тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:  

–Умуман, нефть ва газ соҳасини ёритишда журналистларнинг ихтисослашуви муҳим ҳисобланади. Чунки улардан бу тизим ҳақида мақола ёзишда қайсидир маънода изланиш ва кўникма талаб этилади.  

Шундан келиб чиқиб, семинарда журналистларнинг соҳага оид билимларини бойитиш, ихтисослаштириш, республика иқтисодиёти ва аҳолисининг нефть ва газ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бўйича хабардорлигини ошириш, журналистлар билан самарали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишни мақсад қилдик.  

“Табиий газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва конларни рақамлаштириш” мавзусидаги мазкур ўқув-семинарида мутахассислар томонидан геология, бурғилаш, қазиб чиқариш, қайта ишлаш, соҳани рақамлаштириш борасида батафсил маълумотлар берилди. Бунда улар  нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш, олиб бориш тизими, бурғилаш муддатини қисқартиришда инновацион усуллар, қазиб чиқариш, қайта ишлаш ва чуқур қайта ишлаш жараёнларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида қиёсий таҳлилларга аҳамият қаратди.  

Янгиликларга тўхталадиган бўлсак, Моделлаштириш маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши  соҳа учун муҳим қадам бўлди. Авваллари ҳамма маълумотлар қоғозда бўлган бўлса, ҳозир ҳамма маълумотлар рақамлаштирилди. Нефть-газ соҳасида юқори даражага эришиш, геологик тадбирларни самарали ташкил этишда айнан шу марказ фаолияти муҳим ўрин эгаллайди. Албатта, тизимга рақамлаштиришнинг жорий қилинганидан кейин ишимиз янада жадаллашди ва самарадорлик янада юқори бўлди. Янги конларни бурғилаш ва улардан газ ишлаб чиқариш доимий режамиз ҳисобланади.  

Жорий йилда 123 та янги кон бўйича ишларни олиб бораётган бўлсак, мавжуд конларни ҳам капитал таъмирлашда хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Газни қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш жараёнларини ҳам рақамлаштириш кўзда тутилган. Татбиқ этилаётган  “Е-kon” лойиҳаси эса айнан шу мақсадга қаратилган ва у орқали ҳар бир коннинг  ҳудудида газ ишлаб чиқаришни онлайн кўриб туриш ҳамда уларда зарур бўлган  ишларни амалга ошириш имконияти яратилади.  

Моделлаштириш маркази томонидан 2019-2023 йиллар мобайнида жамият тасарруфидаги 7200 дан ортиқ қудуқ бўйича 470 мингга яқин геологик ва техник маълумотлар, 1400 дан ортиқ қудуқ бўйича 44 мингта геофизик тадқиқотлар натижалари ва 750 та сейсмик маълумотлар рақамлаштирилган.  

Муҳими, маълумотларни яхлит тизимда бирлаштириш асосида Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг ягона Миллий маълумотлар базаси ташкил қилинди. Миллий маълумотлар базасини лойиҳалаштириш, зарур моддий-техник ресурсларни етказиб бериш, уларни ўрнатиш ва ишга туширишда АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорлик қилинди.  

Айни пайтда углеводород конларининг рақамли 3Д геологик ва гидродинамик моделларини тузиш ва ишлаб чиқаришга босқичма-босқич татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда.  

ЎзА мухбири

Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди