Наманган вилояти Чуст туманида аҳолига сифатли коммунал хизматлар кўрсатиш борасида муайян тажрибалар йўлга қўйилган. Масалан, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали “Чуст тумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан ўтказилган семинарда истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича эришилган ижобий натижалар кўрсатилди.
Семинарда, тумандаги Садача маҳалласи ҳудудида жойлашган “Чуст-1” газ тақсимлаш станцияси ҳамда “Дўстлик” маҳалласига борилиб, амалга оширилган ишлар кўздан кечирилди. Жараён давомида, “Садача” МФЙ икки босқичли тизимга ўтказилиши муносабати билан станцияда “РДУК-200” русумли газ тақсимлаш пункти ўрнатилиб, ҳудудда эса тармоқлар эстетик жиҳатдан тартибга келтирилганлигига гувоҳи бўлинди.


– Даставвал, туманимизда газ қувурларининг гидравлик таҳлили ўтказилди. Қувур диаметрларининг кескин ўзгариши оқим босимида йўқотишларга ва газ таъминотидаги узилишларга олиб келган. Тармоқнинг муаммоли нуқталари қайта лойиҳалаштирилди, – дейди “Чусттумангаз” газ таъминоти бўлими Маҳаллабай ишлаш хизмати бошлиғи Дониёр Исмоилов. – Эндиликда қувур диаметри босқичма-босқич ўзгармоқда. Бу эса оқим барқарорлигини таъминлайди. Махсус редукторлар, компенсаторлар, клапанлар ўрнатилиб, гидравлик зарбалар, босимдаги кескин ўзгаришлар бартараф этилди. Газ босими ва оқим тезлигини аниқ ҳисоблаш учун “Bernulli” ва “Darsi-Veysbax” формулалари асосида ҳисоб-китоблар амалга оширилди.

Семинар якунида, “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамажонов газ тақсимлаш станцияларидан қабул қилиб олинган газ ҳажмларини истеъмолчиларга белгиланган босимларда бир меъёрда етказиб бериш, газ сизиб чиқиш ҳолатларини олдини олиш, газ тармоқларини эстетик тартибга солиш, ноқонуний фойдаланишларга йўл қўймаслик, кунлик қабул қилиб олинган ва истеъмолчиларга етказиб берилган газ ҳажмларини таҳлил қилиб бориш муҳим эканлигини таъкидлади.

Ушбу амалий жараёнлар илмий ёндашув, муҳандислик билимлари ва жамоавий масъулият асосида амалга оширилган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ “Чусттумангаз” газ таъминоти бўлимининг иш фаолияти филиалнинг барча ҳудудий бўлимларига намунавий тажриба қилиб кўрсатилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.