Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 6 та иссиқхона хўжалигида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётганлиги аниқланди.
“Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги иссиқхона эгаси ўзбошимчалик билан 332 минг 93 метр куб миқдорда табиий газдан фойдаланиб, газ таъминоти филиалига 332 миллион сўмдан зиёд зарар етказган. У ҳаракатдаги газ қувурига газ таъминоти филиалининг рухсатисиз уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Шунингдек, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинидаги сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи иссиқхона эгаси ҳам газ таъминоти филиалидан 205 миллион 273 минг сўмлик қарздорлиги бўла туриб, унга ноқонуний равишда уланган. 317 минг 184 метр куб миқдордаги табиий газдан рухсатсиз фойдаланган. Бу ноқонуний хатти-ҳаракатлар билан истеъмолчи газ таъминоти филиалига 317 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар етказган. Ачинарлиси, истеъмолчи газ таъминоти вакилларидан яширинишга уринган. Шундай бўлишига қарамай тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, Бухоро вилояти прокуратурасига топширилди. Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйилди.
Ромитан туманида олиб борилган ўрганишлар давомида бир вақтнинг ўзида аниқланган 6 та ноқонуний ҳаракатлар туфайли жами улар томонидан газ таъминоти филиалига 1 миллиард сўмдан зиёд моддий зарар келтирилган.
Когон тумани “Амиробод” қўрғонидаги гипс ишлаб чиқариш объектида ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган. Улгуржи истеъмолчи табиий газга ҳаракатдаги ер ости газ қувурига ўзбошимчалик билан уланган. Бу ноқонуний ҳаракати туфайли 660 миллион сўм миқдорида газ таъминотига моддий зарар етказилган. Бу ўзбошимчаликка эса чек қўйилди.Жорий ойда олиб борилган ўрганишлар давомида улгуржи истеъмолчилар томонидан газ таъминоти филиалига 1 миллиард 83 миллион сўмлик зарар келтирилган.
Албатта, мавжуд камчиликлар аниқлангач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг тегишли бандларига асосан истеъмолчиларга табиий газни етказиб бериш ва қабул қилиш тўғрисидаги икки томонлама шартнома тузмасдан туриб, табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний уланмаслик борасида тушунтиришлар олиб борилди. Олиб борилган ўрганишлар асосида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилиб, Бухоро вилояти прокуратурасига топширилди.
Зариф Комилов, ЎзА