Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш орқали давлатга 62 миллиард сўм зарар етказилган
16:11 / 2020-12-01

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида нефть ва газ таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари таҳлилига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Анжуманда “Ўзнефтгазинспекция” бошқарма бошлиғи Абдужаббор Позилов қуйидагиларни маълум қилди.

- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида “Ўзнефтгазинспекция”га белгиланган вазифалар доирасида Республика бўйича 152 та объектда нефть маҳсулотлари ва табиий газдан самарали фойдаланиш ҳолати ўрганилди.

Ўрганишларда жами 18 миллиард 267 миллион сўмлик 12 минг тонна нефть маҳсулоти ва 42 миллиард сўмлик 102 миллион метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.

Ушбу назорат ишларидан кўзланган асосий мақсад, истеъмолчилар, хусусан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини бир меъёрда табиий газ билан таъминлашга қаратилган.

Олиб борилаётган профилактик тадбирларга қарамасдан тартибли истеъмолчилар билан бир қаторда, халқ мулкига кўз олайтирадиган, амалдаги қонунчилик талабларини четлаб ўтишга ҳаракат қилувчи истеъмолчилар ҳам учраб турибди.

“Ўзнефтгазинспекция” ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида ўтказилган тезкор тадбирларда улгуржи истеъмолчилар томонидан Республика бўйича 2 минг 183 та холатда 62 миллион метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланиш орқали давлат манфаатларига 62 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Навоий вилоятида 408 та ҳолатда 6,6 миллиард сўмлик, Тошкент вилоятида 330 та ҳолатда 18 миллиард сўмлик, Андижонда 198 та ҳолатда 2,9 миллиард сўмлик, Хоразмда 177 та ҳолатда 3,3 миллиард сўмлик, Қашқадарёда 146 та ҳолатда 2,9 миллиард сўмлик, Самарқанда 52 та ҳолатда 4,4 миллиард сўмлик, Тошкент шаҳрида 33 та ҳолатда 12 миллиард сўмлик табиий газ талон-тарож қилинган.

Ушбу ноқонуний ҳолатлар асосан ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ бўлган истеъмолчилар томонидан содир этилмоқда. Мисол учун, оҳак ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 41 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 8,8 миллиард сўмни ташкил этган.

Иссиқхона хўжаликлари томонидан 42 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган ва давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3,1 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, ғишт ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 6 та ҳолатда, АГТКШ томонидан 11 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

 

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА