Ҳудудларда табиий газдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган тезкор чора-тадбирлар доирасида Қашқадарё вилоятида қатор қоидабузарликлар фош этилди.
Нишон тумани Талимаржон шаҳарчасининг Тинчлик маҳалласида яшовчи фуқаро И.Т. паррандачилик корхонаси биносини иситиш мақсадида газ тармоғига яширин равишда улангани аниқланди. Унинг хатти-ҳаракатлари натижасида давлатга 72 миллион сўмлик зарар келтирилган.

Қарши шаҳрининг Алишер Навоий маҳалласидаги яна бир ҳолатда фуқаро К.Э. новвойхонада ҳисоблагичдан олдин резина шланг орқали тармоққа уланиб, газдан ноқонуний фойдаланган. Текширувлардан сўнг унга 41 миллион 287 минг сўм миқдорида компенсация ва жарима қўлланилди.

Шунингдек, шаҳарнинг Буюк Турон маҳалласида фуқаро А.Н. ҳисоблагич ускунасига ўзбошимчалик билан аралашиб, 33 миллион сўмлик газни ҳисобдан чиқариб фойдалангани аниқланган.

Умумий ҳисобда ушбу учта ҳолат бўйича газ таъминоти ташкилотига 146 миллион сўмлик зарар етказилгани маълум қилинди. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар қонунчилик асосида ҳуқуқий баҳолаш учун тегишли назорат идораларига юборилган.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири