Табиий газдан ноқонуний фойдаланган новвойхона аниқланди
Гулистон шаҳрида фуқаро Х.К.га қарашли новвойхона табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Текширув давомида маълум бўлишича, новвойхона ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланиб, бир неча ой давомида расмий тўловларсиз газдан фойдаланиб келган. Бу ҳақда O‘zenergoinspeksiya маълум қилди.
Ўзбошимчалик натижасида газ таъминоти корхонасига 2 млрд 157 млн сўмлик зарар етказилган. Мазкур ҳолат маҳаллий газ таъминоти тармоғи учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлгани қайд этилди.

Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув жараёнида ушбу ҳолатнинг содир бўлишига сабабчи бўлган омиллар, моддий ва ҳуқуқий зарарлар ҳамда тегишли жавобгарликлар аниқланади.

Мавжуд қонунчиликка мувофиқ, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари жиноий ва маъмурий масъулиятни келтириб чиқаради. Шунингдек, бундай ҳолатлар аҳоли ва корхоналар учун табиий газ таъминотининг барқарорлигини таъминлаш ва ресурсларни самарали бошқариш масалаларини янада долзарб қилади..
Ғулом Примов, ЎзА мухбири