Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газ ва электр энергияси бўйича давлат манфаатларига 160,6 миллиард сўм зарар етказилди
12:29 / 2024-12-05

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзэнергоинспекция“ ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” доирасида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг ноябрь ойи “Энергетика хавфсизлиги ойлиги” деб эълон қилинган. Шунга мувофиқ, “Ўзэнергоинспекция” ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда электр ва газ таъминоти корхоналари мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказган назорат тадбирлари давомида 1 614 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, 24,1 миллион метр куб табиий газ (70,1 млрд. сўм) ва 38,6 миллион киловатт соат электр энергиясидан (90,4 млрд. сўм) ноқонуний фойдаланиш натижасида давлат манфаатларига жами 160,6 миллиард сўм зарар етказилган.

– Истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан қоидаларни бузган ҳолда фойдаланишлари юзасидан 876 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Бу қонунбузарликларнинг 547 таси электр энергияси, 329 таси эса табиий газ билан боғлиқ. Шунингдек, 4 583 та истеъмолчининг энергия ресурсларидан самарали фойдаланишини таъминлаш учун профилактик тадбирлар ўтказилди. Назорат ишларида куннинг ёруғ вақтида ёритиш чироқларидан ноўрин фойдаланишга оид 5 960 та ҳолат аниқланиб, 1 024 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, 6 та корхонага молиявий санкциялар қўлланилган, – деди Н. Норбобоев.

Тадбирда тепловизор орқали подстанциялар ва трансформатор пунктларидаги электр ускуналарда қизиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Унга кўра , 3 053 та объектдан 2 192 тасида меъёрдан ортиқ қизиш ҳолатлари қайд этилган ва уларнинг 1 301 таси бартараф этилган.

Шунингдек, 466 та энергия истеъмоли юқори бўлган ташкилотларда техник тадбирлар ўтказилди, 248 та истеъмолчига суюлтирилган газ етказиб бериш ҳолатлари ўрганилди.

Инспекция лабораториялари томонидан нефть маҳсулотлари бўйича сифат назоратлари ўтказилгани туфайли 47,1 минг литр сифатсиз маҳсулот сотувга чиқарилишининг олди олинган. Шунингдек, 757 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, 497 та истеъмолчининг қурилмалари тармоқларга уланишига рухсат берилган.

Тадбиркорларнинг қонунга зид тарзда электр ва газ тармоқларига уланиши ҳамда ҳисоб асбобларига аралашуви тармоқларда ортиқча юкланиш ва таъминот барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Тадбирда бу каби ҳолатларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилиши қайд этилди.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА