Табиий газни аҳолига узлуксиз ва хавфсиз етказиб бериш мақсадида ҳудудлардаги газ тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Асосий мақсад йилнинг барча фаслларида, айниқса, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни барқарор ва сифатли табиий газ билан таъминлашдир. Шу йўналишда тизим ходимлари томонидан Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида кенг кўламли амалий ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг олис ҳудудларидан бири Олот туманида ҳам жорий йил ҳисобидан газ қувурларини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Туманнинг “Асажам” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Юқори Олот” ва “Қосим ариқ” қишлоқларида мавжуд бўлган ўрта босимли, диаметри 219 мм бўлган ер ости газ қувурида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Реконструкция қилинаётган тармоқнинг умумий узунлиги 4 километрдан ортиқни ташкил этади. Мазкур ишлар ҳудуд аҳолисининг газ таъминотини барқарорлаштириш ва хавфсизлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Вобкент туманининг “Паноб” маҳалла фуақролар йиғини “Хуррам” қишлоғини табиий газ билан таъминловчи ўрта босимли газ қувури ҳам реконструкция қилинди. Лойиҳа доирасида 1 километрдан ортиқ масофадаги қувур тармоғи янгиланди. Амалга оширилган ишлар натижасида 2 мингга яқин аҳоли хонадонларининг газ таъминоти сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда.
Тумандаги яна бир манзил “Хайрабод” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Миришкор қишлоғидаги ер ости газ қувурида ҳам реконструкция ишлари бошланди. Ушбу ҳудудда қувурнинг 1 километр 400 метр қисмида янгилаш ишлари олиб борилди. Натижада 120 та хонадонга табиий газ хавфсиз ва барқарор тарзда етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, Ғиждувон туманининг “Қарахони” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ер ости газ қувурларини мукаммал таъмирлаш ишлари ташкил этилди. Диаметри 219 мм бўлган ушбу қувурнинг 1 километрдан ортиқ қисмида реконструкция ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар қарийб 500 метр қисмида ишлар якунланди.
–Умуман, олиб борилаётган реконструкция ва модернизация ишлари натижасида 4 мингдан ортиқ истеъмолчи табиий газ билан янада барқарор ва хавфсиз таъминланади, –дейди газ таъминоти филиали Қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи Акмал Холов. –Энг муҳими, мавжуд тармоқларни янгилаш орқали авария ҳолатларининг олди олиниб, аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифати янада оширилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири