Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтказилмоқда
12:14 / 2024-08-29

Мустақиллик йиллари аҳолининг табиий газдан самарали фойдаланиши учун истеъмолчиларга қулай шароитлар яратиш мамлакатимизда белгилаб олинган вазифаларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, сўнгги йилларда соҳада янги автоматлаштирилган тизим жорий этилаётгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.

Айни пайтда табиий газ таъминотида жорий этилган янги тизимга асосан тўлиқ “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилган ҳудудларда газ таъминоти икки босқичли жараёнга ўтказилмоқда. Бунда газ тақсимлаш қурилмалари олиниб, уларнинг вазифасини замонавий ҳисобдонлардаги маромлаш қурилмалари бажараётир. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида 29 маҳалладаги 617 та газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиниб, маҳаллаларнинг газ таъминоти тўлиқ икки босқичли тизимга ўтказилган.

– Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, ҳисоблагичдаги махсус қурилма газ босимини автоматик равишда назорат қилади, – дейди "Қумқўрғонтумангаз" газ таъминоти бўлими масъул ходими Санжарбек Бобомуродов. – Шунингдек, ҳудудлардаги газ маромлаш пунктларини жорий кўрикдан ўтказиш, хавфсизлигини таъминлаш, бўёқлаш каби тадбирларнинг олиб борилмаслиги эвазига иш унумдорлиги ва самарадорлик ошади. Тежаб қолинган вақт, маблағларни эса тизимни ривожлантириш ва бошқа мақсадларга йўналтириш имконияти юзага келади.  

Тумандаги замонавий ҳисобдонлар ўрнатиб бўлинган маҳаллаларда газ тақсимлаш пунктларини демонтаж қилиш ва газ таъминотини икки босқичли тизимга ўтказиш давом этмоқда.  

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиалидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда 13 минг 240 хонадон табиий газ таъминотининг икки босқичли тизимига ўтказилади.  

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири