Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Табиий газ қувурларига қурилмалар ўрнатган 41 фуқаро жавобгарликка тортилди
17:01 / 2023-01-14

Сайёр судда табиий газ қувурларига ноқонуний қурилмалар ўрнатган 41 нафар фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати маълум қилди.

Бухоро вилояти Жондор туманида юридик ва жисмоний шахслар томонидан содир этилаётган табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ижтимоий объектлар ва аҳоли хонадонларига газ босимини бир меъёрда етказиб беришни таъминлаш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органлари, газ таъминоти ҳудудий бўлимлари ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли хонадонларида тезкор рейд тадбирлари ўтказилди.

Натижада туманнинг “Нурафшон” ҳамда “Чорзона” маҳаллаларида ўтказилган тадбирлар давомида жами 620 та хонадон кўздан кечирилди.

Жараёнда 41 та ҳолатда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ, яъни газ қувурларига сўрғич мосламаларини ўрнатиш ҳолатлари аниқланди. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасига асосан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун суд муҳокамасига юборилди.

Жиноят ишлари бўйича Жондор тумани суди томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида ушбу 52 нафар табиий газ қувурларига ноқонуний сўрғич ўрнатган фуқарога нисбатан маъмурий иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқилди.

Сайёр суд мажлисида Жондор тумани ҳокими Санъатилло Ҳикматов ҳамда вилоят ИИБ дан туманга масъул қилиб тайинланган подполковник Шуҳрат Жалолов ҳам қатнашди. Фуқароларга табиий газ қувурларига ўрнатилган ноқонуний газ сўрғичлари ушбу йўналишдаги газ қувурларига уланган бошқа фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид эканлиги, уларга етарли миқдорда табиий газ босимининг етиб бормаслигига сабаб бўлиши, сўрғичлардан келадиган газнинг сифатсиз ва ҳаёт учун хавф солиши, тўлиқ ёнмасдан ортиқча газнинг исроф бўлишига олиб келиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, фуқаролар ушбу синовли кунларда бир тану бир жон бўлиб ортиқча ваҳимага йўл қўймаслик, қиш мавсумини талафотсиз ўтказиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг суд қарори билан 41 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.

Зариф Комилов, ЎзА