“Ўзбекнефтгаз” АЖда ўтказилган галдаги йиғилишда давлат раҳбари белгилаган устувор вазифалар, жамият фаолиятини тиклаш, табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмларини барқарорлаштириш ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш ижроси таҳлил қилинди.
Унда сўнгги тўрт йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари 21,7 фоизга камайгани қайд этилди. Бу ҳолат стратегик режалаштиришнинг етишмаслиги ва фақат кундалик вазифаларга эътибор қаратилишидан келиб чиққан. Шу боис, ҳар бир коннинг иқтисодий самарадорлиги ва рентабеллик даражаси аниқ белгиланиши зарурлиги таъкидланди.
Жамият ахборот хизматининг маълум қилишича, йиғилишда айтиб ўтилгани каби жорий йилда геологик-қидирув ва техник тадбирларга катта ҳажмда маблағ ажратилганига қарамасдан, қазиб чиқаришда ўсиш кузатилмаган, қазиб чиқариш суръатларининг 5-6 фоизга пасайиб бораётгани бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришига ҳам салбий таъсир кўрсатган.
Ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қазиб чиқарилаётган газ таннархдан арзонроқ нархда кейинги босқичга етказиляпти. Бу эса компаниянинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир қилади ва ташқи қарзларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
Йиғилиш якунида эса соҳа муаммоларини бартараф этиш, табиий газ қазиб чиқаришни барқарор ривожлантириш ва захираларни кўпайтиришга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Ушбу таклифлар асосида соҳани ривожлантириш учун комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиши топширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА